Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм – Бухоро иқтисодиётининг муҳим драйвери
13:21 / 2023-05-10

Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини янада юксалтириш, хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, туристик йўналишларни кўпайтириш, янги меҳмонхона ва меҳмон уйларини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис хизматларини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Буни кўҳна ва навқирон Бухорога келаётган сайёҳлар оқими йилдан йилга ошаётганида кўриш мумкин. 2021 йилда хорижий сайёҳлар сони 30 минг 800 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсатгич 550 минг нафарга етган. Жорий йилнинг дастлабки чорагида боқий Бухорони кўриш истагида  келган чет эллик саёҳлар сони 400 мингтага етган.  

– Бухоронинг ўзига хос жозибаси билан мени мафтун этган, – дейди Бразилиядан келган Жен Паризи Делима. – Саёҳат қилиш учун интернетдан излаб, айнан Бухорони танладим. Негаки, кўп минг йиллик бу тарихий эврилишлар даврини босиб ўтган шаҳарнинг такрорланмас меъморий обидаларида ўзгача сеҳр, маҳобат бор. Лаби ҳовуз, Арк қўрғони, Нодир девонбеги мадрасаси, Сомонийлар мақбараси, яна бошқа обидалар ўз калорити, дизайни, шарқона гўзаллиги билан ажралиб туради.  

Маҳаллий сайёҳлар мисолида олсак, 2021 йилда 1 миллион 405 минг, 2022 йилда 2 миллион 700 мингдан ортиқ меҳмон Бухорога ташриф буюрган. Қадим анъана ва урф-одатлар, тарихий аҳамиятга эга меъморий обида ва иншоотларга қизиқиб, сайру саёҳат уюштирган. Жорий йилнинг апрель ҳолатида эса бу кўрсатгич 1 миллион 200 минг кишини ташкил этган.  

Маълумот учун, вилоятга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларнинг 58 фоизи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари, 21 фоизи Кўҳна Қитъа - Европа давлатлари, 17 фоизи Осиё мамлакатлари, 4 фоизи Америка қитъаси ва бошқа юртлар ҳиссасига тўғри келмоқда.  

Жорий йил якунига қадар қадимий ва ҳамиша навқирон, боқий Бухорога 1 миллион 200 мингдан ортиқ хорижий, 3 миллионга яқин маҳаллий сайёҳнинг ташрифи кутилмоқда. Ўрганишлардан маълум бўлишича, сайёҳларнинг Бухорода бўлиш даври ўртача 3,5-4 кунни ташкил этмоқда. Уларнинг кунлик харажати эса хорижлик меҳмонларда 250 АҚШ долларини, маҳаллий сайёҳларда эса ўртача 350 минг сўм ҳисобида экан. Бу кўрсаткич иқтисодий жиҳатдан айни кунда вилоятда туризм йўналишлари сафини кенгайтириш орқали меҳмонларнинг шаҳарда қолиш муддатини узайтириш чораларини кўришни тақозо этмоқда. Кўҳна ва боқий Бухоронинг иқтисодиёти ўсиши учун хизмат қиладиган асосий йўналишлардан бири бу хизматлар кўрсатиш - сервис соҳаси ҳисобланади.  Бухоро шаҳрига 2022 йилда 3,5 миллион маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йил якунига қадар бу кўрсаткични 5 миллиондан ошириш кутилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ҳудуд сайёҳлик салоҳияти ҳам ортиб бормоқда.  

[gallery-11827]

Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, навбатдаги  муҳим вазифа сайёҳлар, маҳаллий меҳмонларнинг қадим шаҳарда бўлишлари муддатини чўзиш ҳисобланади. Бунинг учун уларга намунали хизмат  кўрсатиш сифатини юқори даражага кўтариш зарур. Бу борада кейинги йилларда тармоқ фаолиятига бевосита дахлдор вилоят Маданият ва туризм бош бошқармаси, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят ҳудудий бўлинмаси каби ташкилот ҳамда идоралар зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди.  

Туризм тармоғини такомиллаштириш хусусида гап борганда, ўтган йили сентябрь ойида Давлат раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сайёҳлик тизимини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар қаторида мутасаддиларга мамлакатимиздаги 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион нафар сайёҳни жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилганини эътироф этиш жоиз. Унда таъкидланганидек, юртимизга зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай таом, овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилган.  

Муқаддас жойлар, авлиё ва пирлар ҳақида батафсил маълумот бера оладиган мутахассислар ҳамда гидлар тайёрлаш ҳам муҳимлиги айтилган. Шу муносабат билан Ислом академияси, “Ипак йўли” университетига муддатда зиёрат туризми оқими кўп бўлган давлатлар учун илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилган.  

– Бухорода сайёҳлик оқимини кўпайтиришга хизмат қилувчи муҳим омиллардан бири бу гастрономик туризмдир, – дейди Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Феруз Ҳамроев. – Бу йўналишда Бухоро тажрибаси асосида 50 та том қисмида алоҳида миллий ва шарқона кўринишда таъмирланган ресторан ҳамда кафетерий кўринишидаги гастрономик иншоотлар ташкил этишга киришилди. Бу  500 тага яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради.  

Бугунги кунда Бухоро тажрибаси асосида жойларда 54 та очиқ терасса ташкил этилди. 1350 та янги иш ўрни яратилиб, меҳмонларга юқори даражада гастрономик хизмат кўрсатиш бошланди. 2023 йил якунига қадар туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида қадим шаҳарда яна 15 та меҳмонхона, 20 та оилавий меҳмон уйи, 10 та хостел ишга туширилади. Уларнинг барчасида очиқ терасса, ресторан ва кафетерийлар ташкил этиш ҳисобидан 4200 та янги ишчи ўрнини яратиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, Бухоро шаҳрининг салоҳияти ва мавжуд имкониятидан фойдаланган ҳолда яна 8 та марказий кўчада жойлашган ташкилотларнинг 50 тага яқин замонавий дизайндаги бинолари биринчи қаватида юздан зиёд ресторан ва кафетерий, сервис жойларини ташкил этиш имконияти ўрганилмоқда.  

Таҳлилларга кўра, йўл бўйларида жойлашган 4 мингга яқин маъмурий бинодан сервис соҳасида самарали фойдаланиш, 8 та марказий кўчадаги иншоотнинг том қисмида юздан ортиқ кафетерий ва ресторан барпо этиб фойдаланишга топшириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Ҳудудда жорий йилда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга доимий хизмат кўрсатадиган ресторанларнинг сони 81 тани ташкил этади. Айниқса, бино-иншоотлар том қисмларида терассалар фаолиятини кенгайтириш орқали хизматлар сифати ва ҳажмини кенгайтириб, қадим шаҳар бўйича 2021-2022 йилларда ҳудудий инвестиция дастурлари ҳамда ташаббускор тадбиркорлар томонидан 54 та терасса ташкил этилади. Бир вақтнинг ўзида 2 788 нафар мижозга хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Асосийси, янгича йўналиш дея эътироф этилаётган бу лойиҳа маҳаллий ва хорижий сайёҳларда бирдек қизиқиш уйғотмоқда.  

 

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА