Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм: Бухоро дунё назари тушган манзил
17:04 / 2026-01-05

Президентимизнинг ташаббуси билан жорий йил январь ойининг биринчи ўн кунлиги “Ёшлар туризми ҳафталиги” деб эълон қилинди. Унга кўра республиканинг барча ҳудуд ёшлари учун мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат уюштириш режалаштирилган.

Ушбу ҳафталик муносабати билан Бухоро шаҳридаги мактаб ўқувчилари “Бухоро Варнет” кластерида ўз саёҳатларини амалга оширди. Ўқувчиларнинг дам олиш кунлари мароқли ўтиб, улкан таассуротлар билан қайтишди.

Шунингдек, “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида Бухоро давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги “Ситораи Моҳи – Хосса” амалий безак санъати музейига ёшлар ва ўқувчиларнинг саёҳати ташкил этилди. Саёҳатчилар музей экспонатлари билан танишиб, вилоятимизнинг бой маданий мероси ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида таътил давомида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида Самарқанд бўйлаб саёҳатда бўлди.

Янги йил байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунлари давомида қадимий Бухоро шаҳрига ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сони сезиларли даражада ошди. Вилоят туризм бошқармасидан олинган маълумотга кўра, кўҳна ва боқий Бухорога 5 кунлик дам олиш кунларида 20 мингдан ортиқ хорижий ва 60 мингга яқин маҳаллий сайёҳлар ташрифи амалга оширилди.

Хусусан, Россия, Европа давлатлари, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия ва Малайзиядан ташриф буюрган сайёҳлар “Пойи Калон” мажмуаси, “Арк” қўрғони, “Лаби Ҳовуз” ансамбли, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, шунингдек, “Етти пир” зиёратгоҳлари бўйлаб саёҳатларини амалга оширди.

– Рафиқам билан саёҳат қилиш учун Ўзбекистонга келдик, – дейди индонезиялик сайёҳ Ҳанс Курниаван. – Ташрифимизнинг учинчи кунида Бухорони айланяпмиз. Очиғи, юртингиздаги хизмат кўрсатиш аъло даражада. Одамларингизнинг муомаласи мени ҳайрон қолдирди. Умуман олганда бир олам таассуротлар. Тарихий масканлар ҳам такрорланмас. Мен жуда хурсандман.

– 2025 йилда вилоятда туризм соҳасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди, – дейди Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобир Тўхсанов. – Жумладан, 96 та янги жойлаштириш воситаси, жумладан, 21 та меҳмонхона, 22 та хостел, 44 та оилавий меҳмон уйи, 3 та хонадон, 1 та ётоқхона, 1 та санатория ва 60 та ўтов (190 та ўрин) фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларнинг умумий сони 688 тага (7 786 та хона, 17 986 та ўрин) етди. Шунингдек, 37 та янги туроператор/турагентлар фаолияти иш бошлаши натижасида уларнинг сони 223 тага етди. Вилоятга 2 миллион 701,8 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, уларга кўрсатилган хизматлар орқали туризм экспорти 736,9 миллион АҚШ долларга етказилди. Шу билан бирга, республика ҳудудларидан Бухорога 4 миллион 783,5 минг нафар маҳаллий аҳоли сайёҳ сифатида ташриф буюрди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида Бухородан республика ҳудудларига 2 миллион 606 минг нафар маҳаллий аҳоли, корхона ва ташкилот ишчи-ходимларининг саёҳатлари тизимли ташкиллаштирилди.

[gallery-26999]

2025 йил 6-8 июнь кунлари Бухоро шаҳрида XXI анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивали юқори ва кўтаринки руҳда ташкил этилиб, 3-кун давом этган тадбирларда жами ярим миллионга яқин республика минтақалари аҳолиси, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби ташрифлар вилоятнинг туризм салоҳияти тобора ортиб бораётганини, шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган туризмни ривожлантириш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини яна бир бор тасдиқламоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.