Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Туризм соҳасини рақамлаштириш ва туристик хизматларни ягона платформага бирлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, масофадан туриб жойлаштириш воситаларини банд қилиш, туроператор ҳамда турагентлар томонидан таклиф этилаётган хизматлар, автотранспорт воситалари ижараси, гид-таржимон ва такси хизматлари ҳамда туризм соҳасидаги бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этувчи Миллий туризм ягона платформаси яратилади.
Платформа 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб синов тариқасида, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади.
Бу сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва сайёҳлар томонидан баҳолаш;
республикадаги туроператорлар ва турагентлар хизматлари, шу жумладан, сайёҳларга гид, гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, экскурсия етакчилари хизматларидан фойдаланиш;
йўналишсиз такси ва автотранспорт воситалари ижараси хизматларидан фойдаланиш;
автобус, авиа ва темир йўл чипталари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш;
халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;
туризм соҳасига оид статистик ҳисоботларни юритиш ва реал вақт режимида таҳлил қилиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси платформани ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича буюртмачи ҳисобланади.
Платформага жойлаштириладиган маълумотлар базаси мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан интеграциялашган ҳолда юритилади.
Жисмоний ва юридик шахслар ўз хоҳишига кўра платформага уланиши ва унда хизматларни жорий этиши мумкин бўлади.
Платформа маълумотлари 14 та хорижий тилга таржимаси билан бериб борилади.
ЎзА