ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Нурота туманидаги қўли гул каштачи Зарина Ҳамидова бошчилигидаги жамоа “Suzani Zarina” номли бренди остида ҳунармандчилик маҳсулотларини АҚШ, Россия, Туркия, Қирғизистон, Тожикистон, Германия, Исроил, Афғонистон каби қатор мамлакатларга экспорт қилмоқда.
2004 йилда 10 нафар қиз билан иш бошлаган эдик. Бугунги кунда жамоамиз сони 600 нафардан ошди. Ишлаб чиқариш кўламини оширганимиз ва фаолиятимиздаги ютуқларнинг барини давлатимиз раҳбари ташаббуси билан биз, аёл тадбиркорларга берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар натижаси, деб биламан, - дейди “Шуҳрат” медали соҳибаси Зарина Ҳамидова. - Шу туфайли жаҳон бозорларига чиқдик, йирик ва нуфузли компаниялар фаолиятимизга қизиқиб, ҳамкорлик қилишга чорламоқда. Юртимиздаги қатор туристик шаҳарларимизда ҳам маҳсулотларимиз савдосини йўлга қўйганмиз.
[gallery-27018]
Нуротада каштачилик бугун тадбиркорликнинг бир тури бўлиб, туман марказида минг нафардан зиёд хотин-қиз бу юмуш билан машғул. Чекка қишлоқ қизларини мазкур санъат синоатларидан воқиф этиш, шу орқали ижтимоий бандлигини таъминлаш мақсадида ўқув курслари ҳам ташкил этилган. Уларда хотин-қизлар Нурота каштачилиги билан бирга харидоргир Бухоро зардўзлигини ҳам ўрганиб, ўз маҳсулотларини кун сайин хорижий сайёҳлар ташрифи ортиб бораётган “Чашма” мажмуаси кўргазмаларида тақдим этмоқдалар.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА