Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб номлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, Олий таълим ташкилотларининг бошқарув самарадорлигини ошириш орқали уларнинг сифатли фаолият юритишини таъминлаш, хорижнинг етакчи олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, таълим хизматлари экспортини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига:
а) Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида талабаларни Турин политехника университети (Италия Республикаси) ўқув режа ва дастурлари билан бир қаторда бошқа илғор хорижий олий таълим ташкилотларининг ҳам ўқув режа ва дастурлари асосида ўқитиш тизимини жорий қилиш;
б) олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини "аввал тест, сўнг танлов" тамойилига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади.
Фармон билан:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги "Андижон давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-265-сон қарори 4-бандининг "г" кичик банди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 июндаги "Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-275-сон қарори 4-бандининг "в" кичик банди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 июндаги "Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-290-сон қарорининг 5 ва 6-бандлари; Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 июлдаги "Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида”ги 211-сон қарори;
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги "Олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига қўйилган баҳоларини инобатга олиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 696-сон қарори;
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги "Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 34-сон қарорининг 6 ва 7-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
ЎзА