Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Турар-жойларни қуриб сотиш билан фуқароларни алдаб, миллиардлаб пулларни ўзлаштирган "фирма"лар аниқланди
13:06 / 2024-02-21

Юртимизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳоли турар-жойлари, кўп қаватли уйларнинг барпо этилиши кўпайди. Уларнинг аксари аҳолининг турар-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда.

Бундай пайтда айрим кимсалар хонадонларга одамларнинг талаби ортаётганидан фойдаланмоқчи бўлиб, уларнинг ишончига кириб, алдов йўли билан пул ундиришга ўтгани афсуски, ҳақиқат бўлиб чиқяпти.  

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг саъй-ҳаракати билан ана шундай ҳолатларнинг бирига ўз вақтида чек қўйилди. Жорий йилнинг январь ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирлари жараёнида “Arkenstone” ва “VescoCottage” номли МЧЖларни ташкил этган шахснинг кирдикорлари очилиб қолди. Яъни, мазкур МЧЖлар Тошкент шаҳрида коттеж турар-жойларини қураётганини, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда турли реклама эълонларини жойлаштириб, шу йўл билан янги уй олиш истагида бўлган юртдошларимизнинг ишончига кириб, гўёки кечиктириб тўлаш имконини бериш важи билан уларда қизиқиш уйғотиб, 2022 — 2023 йиллар давомида 125 млн сўмдан бошланғич тўлов сифатида фуқароларнинг қарийб 27 млрд сўмини ўзлаштиришган. Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида ушбу фуқарога тегишли корхоналар ва унга алоқадор шахслар ҳисоб рақамларидаги 823 млн сўм маблағларнинг ҳаракати тўхтатиб қўйилди.  

Шунингдек, тергов давомида ушбу шахс жиноий йўл билан топилган даромадларини легаллаштириш мақсадида хорижий давлатда рўйхатдан ўтган валюта биржасида ўзи ва онасининг номига ҳисоб рақамлар очиб, ушбу ҳисоб рақамларига 1 400 000 АҚШ доллари ўтказиб олиб, биржа савдоларида иштирок этгани аниқланди.  

Ушбу ҳолатлар бўйича Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Махаматов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.  

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан хорижий валюта биржасида Махаматовнинг онаси номига расмийлаштирилган электрон ҳамёнда мавжуд бўлган 403 000 АҚШ доллари тўлов банк виза картасига қайтарилган. Ушбу жиноят иши доирасида ҳозирги кунда 7,8 млрд сўм маблағларнинг ҳаракати тўхтатиб қўйилишига эришилган.  

Ҳурматли фуқаролар! Уй-жой харид қилаётганда фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун қуйидагиларга эътибор беринг. Сотиб олмоқчи бўлган уй-жойингиз ҳақиқатдан ҳам дахлсиз ерда қурилганми-йўқми, ҳуқуқий асоси мавжудми? Сизга сотаётган шахс шундай ваколатга эгами? Фирибгарлик аломатлари мавжуд эмасми? Аввал ҳам ушбу шахсдан харид қилганлар бор бўлса, уларнинг тақдири қандай кечди? Шу каби саволларга жавоб олишингиз жуда ҳам зарур, дейилади Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарида.  

Шерали Отабоев тайёрлади, ЎзА