Ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришиш учун доимий равишда янги билим ва тажрибаларни ўзлаштириш зарур. Айниқса, мутахассислар учун хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ўзлаштириш катта аҳамиятга эга. Бу уларга касбий маҳоратини ошириш, янги технологиялар ва илғор усулларни ўрганиш, соҳада янги ютуқларга эришиш имконини беради.
Хорижий тажрибаларни ўрганиш, касбий маҳоратини ошириш, янги билимларни ўзлаштириш ва малака ошириш мақсадида “Тупроқсифаттаҳлил” ДУКнинг ёш ва изланувчан мутахассислари Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг Тупроқ – ўғит ва сув ресурслари маркази тадқиқот институтига борди.

Ушбу ташриф давомида улар институтдаги тупроқ, ўсимлик ва сув таҳлилларига мослашган сўнгги русумдаги замонавий ICP ускунасининг фаолиятини мукаммал ўрганиш ҳамда тупроқ унумдорлигини ошириш борасида ўтказилаётган синов таҳлилларнинг янги усуллари билан танишди.


Ҳозирда “Тупроқсифаттаҳлил” ДУК синов лабораториясида АҚШ, Германия, Россия, Англия, Ҳиндистон, Хитой каби етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг юқори технологияли ускуналари ёрдамида таҳлиллар олиб борилмоқда. Лабораториядаги ICP OES SPECTO GENESIS жиҳози ёрдамида эса Менделеев даврий жадвалидаги 70 дан ортиқ элементни юқори аниқлик ва максимал тезлик режими асосида аниқлаш имконияти мавжуд. Ускуна компютерга уланган бўлиб, маълумотларни сунъий интеллект ёрдамида етказади. Корхонанинг синов лабораториясида эса бундай замонавий жиҳозлар 20 дан ортиқ ва улар турли таҳлилларни ўтказишга мўлжалланган.
Гулноза Бобоева, ЎзА