Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тупроққа етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи белгиланди
16:25 / 2024-02-05

Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар республикада суғориладиган ерларнинг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрлангани, 69 фоизга яқин тупроқ устки қатламида гумус миқдори бор-йўғи 0,5−1 фоизни ташкил этгани, 600 минг гектар яйлов ерлари турли даражада деградацияга учраганини кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ер юзидаги бугунги экологик омилларнинг кескин ўзгариши ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва сифатини оширишга ўз таъсирини кўрсатиши озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сақлаш ва асраб-авайлашни талаб этмоқда. 

Тупроқ бизни тўйдиради, кийинтиради, ҳаёт кечиришимиз учун зарур ашёлар, жиҳозларни вужудга келтиради. Табиатда углерод айланишида, сувнинг сақланиши ва фильтрланишида, заминнинг тошқин ва қурғоқчиликка чидамлилигини оширишда ҳам унинг аҳамияти беқиёс. Тупроқ унумдорлиги бузилса, 50 йилда қайта тикланиши мумкин. 

Жорий йил 2 февралда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунга кўра, тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги асосий принциплар, соҳани давлат томонидан тартибга солиш, тупроқ унумдорлигини ошириш асослари ва тартиби белгилаб берилди. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Ер эгалари Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтидан ўзига тегишли ер участкасидаги тупроқнинг сифатини баҳолаш тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга. 

Шунингдек, ер эгалари шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шарт. Сидириб олинган тупроқнинг унумдор қатламини қурилиш ташкилотлари ҳокимликлар томонидан белгиланган жойларга сақлаш учун олиб чиқади. Тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмагани ва сақланмагани факти аниқланганда, етказилган зарарнинг ўрни маҳаллий бюджетга қопланади. Мазкур пул маблағларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун фойдаланилади. 

Тупроқни ўрганиш Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларининг ваколатли ташкилотлари томонидан амалга оширилади. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА