Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тупроқни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда
17:14 / 2023-11-24

Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида"ги қонун муҳокама қилинди.

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соҳани ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Соҳага инвестицияларни жалб қилиш, ресурс тежамкор технологияларни жорий этишга ҳам эътибор қаратилмоқда.  

Шу билан бирга, бугунги экологик омилларнинг кескин ўзгариши ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва сифатини оширишга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сақлаш ва асраб-авайлашни талаб этмоқда.  

Шу боисдан ушбу қонун билан ер фондининг барча тоифаларидаги тупроқнинг унумдор ва тупроқ ҳосил қилувчи қатламлари тупроқни муҳофаза қилиш объекти этиб белгиланмоқда.  

Қонунда тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати, ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ва ер участкалари ижарачиларининг тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.  

Қонунда тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тупроқларнинг ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш, шунингдек, масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, ерларни рекултивация қилиш, тупроқ ҳолати ва сифатига таъсир қилувчи лойиҳалар, воситалар ва технологияларни давлат экспертизасидан ўтказиш масалалари ўз аксини топмоқда.  

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахслар томонидан тупроққа етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи белгиланмоқда.  

Шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмагани ва сақланмагани факти аниқланган тақдирда, етказилган зарарнинг ўрни қопланиши мустаҳкамланмоқда.  

Сенаторлар маъқуллаган қонун суғориладиган тупроқлар унумдорлигининг пасайиш жараёнларига барҳам беришга хизмат қилади. Тупроқ унумдорлигини тиклаш ҳисобига маҳсулот етиштириш ҳажми ортади. Тоза тупроқда сифатли ҳамда хавфсиз маҳсулот етиштириш имконияти кенгаяди.  

Н.Абдураимова, ЎзА