Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тупроқ ва сув – ердаги ҳаётнинг асоси
21:41 / 2023-12-05

Жаҳон тупроқ куни нишонланяпти

Ҳар йили 5 декабрда тупроқ саломатлиги ва тупроқ ресурсларини барқарор бошқариш муҳимлигига эътиборни жалб қилиш мақсадида Жаҳон тупроқ куни нишонланади.

Бу санани нишонлаш 2002 йил Тупроқ ҳақидаги фанлар халқаро иттифоқи томонидан тавсия этилган. Глобал тупроқ ҳамкорлиги доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО бу кунни хабардорликни ошириш учун глобал платформа сифатида расмий таъсис этилишини қўллаб-қувватлаган. Тузилма конференцияси 2013 йил июнда Жаҳон тупроқ куни ўтказилишни бир овоздан маъқуллади ва буни Бош Ассамблеянинг 68-сессиясида расмий тасдиқланишини сўраб мурожаат қилди.

Неча йилдирки, ташкилот глобал муаммо, хавф-хатарлар билан курашиш мақсадини, бош ғояни илгари сурган ҳолда, дунёда тоза ичимлик суви, озиқ-овқат, атроф-муҳит масалаларига бағишланган йирик халқаро конференция, давра суҳбатлари, саммитлар ўтказмоқда. Масалан, Дубайда шу кунларда БМТнинг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференцияси давом этмоқда.

Тадбирда қатнашаётган 170 дан зиёд давлат ва ҳукумат, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари иқлим ўзгариши жараёнида мамлакатлар, минтақалар фаолиятини бирлаштириш, глобал миқёсда атроф-муҳит, табиий ресурслар, сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш борасидаги таҳдидларга қарши жиддий кураш бошланганини тасдиқлаган.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ялпи сессияда ҳозирги даврда иқлим муаммолари жаҳондаги барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурганига эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари келтирган биргина мисол – иқлим ўзгариши салбий оқибатлари, хусусан, замонамизнинг энг аянчли экологик инқирозларидан бири – Орол фожиаси туфайли Марказий Осиё ва унга ёндош минтақаларда, айниқса, жиддий сезилаётгани, ушбу глобал муаммони бартараф этиш учун бутун минтақа биргаликда ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан тупроқ ва сув ердаги ҳаётни таъминловчи энг муҳим манбалардир. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 95 фоизи тупроқдан олинади ва сифати ушбу икки асосий манба сифатига боғлиқ. Тупроқ ва сув ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бизнинг қишлоқ хўжалиги тизимимиз асосини ташкил қилади. Жорий йил нишонланаётган Жаҳон тупроқ куни мавзуси ҳам “Тупроқ ва сув – ердаги ҳаётнинг асоси”.

Бугун пойтахтимизда мазкур шиор остида “Тупроқ деградациясининг олдини олишда инновацион технологиялар” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди. ФАОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда уюштирилган анжуманда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, тегишли вазирлик, идоралар вакиллари, олим, тадқиқотчилар, миллий ва хорижий тупроқшунос экспертлар иштирок этди.

Йиғилишда тупроқ ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, эррозия ҳамда тупроқ деградациясига қарши курашнинг замонавий усуллари, нейтрал мувозанатни сақлаш, ер деградацияси каби долзарб масалалар бўйича турли мавзудаги маърузалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

– Глобал экологик жамғарма молиявий кўмагида ФАО Ўзбекистонда экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биохилма-хилликни сақлаш ва тупроқни соғломлаштиришни таъминлашга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширмоқда, – деди ФАОнинг юртимиздаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. – “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳаси ҳамда Экология, атроф-муҳитни моҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” ва “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйлов ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳалари айни фикримизга мисол бўлиши мумкин.

[gallery-14913]

Дарвоқе, бугунги кунда республикамизда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва яхшилаш, деградация жараёнининг олдини олиш ва оқибатига қарши курашиш бўйича кенг кўламли илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерлари мелиоратив ва экологик ҳолатини яхшилаш бўйича самарали натижага эришилмоқда, қишлоқ хўжалигида ресурсларни тежайдиган (no-till) технология жорий этилмоқда.

Тадбир иштирокчилари, шунингдек, экинларни ўғитлашнинг замонавий тизими ишлаб чиқилаётгани, органик деҳқончилик учун экологик тоза тупроқ шароити яратилаётгани, тупроқни таҳлил қилишда халқаро стандарт қўлланаётганини ҳам таъкидлади. Бундан ташқари, сунъий интеллект технологияси ва тупроқшуносликни рақамлаштиришдан фойдаланган ҳолда, тупроқ ҳолати мониторинги амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Халқаро конференцияда тупроқ ва сув ресурсларини барқарор бошқариш Ернинг қурғоқчилик, тошқин ва қум бўрони каби экстремал иқлим ҳодисаларига қарши туриш қобилиятини ошириш имконини бериши хусусида фикрлар билдирилди.

Умуман, бундай йирик анжуманлар эксперт доира вакилларини бир нуқтага йиғмоқда. Бу янги хавф-хатарлар олдини олиш сари қўйилган қадам, деб қабул қилинса ажаб эмас. Юртимиз мезбонлик қилаётган ҳар қандай тадбир истиқболли мақсадларни кўзлайди. Сув, тупроқ, умуман, иқлим муаммосини самарали ечишга ёшларни фаол жалб қилиш учун мамлакатимиз БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси Ёшлар форумини ташкил этишга тайёр экани қувонарли.

Беҳруз Худойбердиев, Даврон Эрназаров (фото), ЎзА