Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тупроқ унумдорлигини оширишдa тaҳлил ўткaзиш сaмaрaлими? (+видео)
15:13 / 2024-02-27

Тупроқ инсониятга берилган бебаҳо неъматдир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришда ҳосилдорлик биринчи навбатда тупроқ унумдорлигига боғлиқ. Aммо, ундан нотўғри фойдаланиш оқибатида ерлар деградацияга учрамоқда.

Республикамиздаги суғориладиган ерларнинг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрланган. Мутахассисларнинг айтишича агар ушбу шўрланишнинг олди олинмаса, яқин йиллар ичида экин майдонларидаги ҳосилдорлик 70% гача тушиб кетиши мумкин экан. 

- Республикамизда тупроқ деградациясига қарши кураш, шўрланишнинг олдини олиш, тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан бир қанча қарор ва фармонлар чиқарилди, - дейди “Тупроқсифаттаҳлил” корхонаси бош муҳандиси Яшин Суяров. -  Тупроқ қатламини яхшилаш, бу яхши ҳосил олишнинг гарови ҳисобланади. Деҳқонларимиз, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар тупроққа мос озиқа элементлари билан таҳлил натижаларига қараб агротехник тадбирларни бажариши керак... (давоми видеода)

Тупроқнинг таркиби, унинг тузилишини билмасдан туриб, ерлардан самарали фойдаланиб бўлмайди. Лабораторияда ўтказилган синов натижалари тупроқларнинг ҳолати ҳақида ишончли маълумот беради ва мутахассисларнинг экинларга агротехник ва мелиоратив тадбирларни, ўғитларни табақалаштирилган ҳолда меъёр ва муддатини белгилашга ёрдам беради. Зеро, минерал ўғитлардан нотўғри қўлланилиши ҳам деградацияга олиб келиши илмий исботланган.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WvFfLABaLH4" title="Tuproq tahlili mo‘l hosil garovi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

- Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида фермерларимизда ерга бўлган муносабат ўзгарди, - дейди “Тупроқ таркиби ва репозиторияси, сифати таҳлил маркази” ДУК халқаро алоқалар, инновацион илмий лойиҳалар бўлими бошлиғи Шавкат Холдоров. – Жуда кўп фермерларимиз, деҳқонларимиз экин экишдан аввал бизга тупроқ таҳлили бўйича мурожаат қилишади. Бу биз тупроқшуносларни жуда хурсанд қилади. Илмий асосланган, лаборатория таҳлили натижалари асосида бериладиган ўғитлар, албатта бу тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилади. 

“Тупроқ таркиби ва репозиторияси, сифати таҳлил маркази” ДУК томонидан 2014-2017 йиллар давомида Республикамизда 93 та туманидаги салкам 2.5 млн  гектар суғориладиган ер майдонларининг шўрланиш даражасиини аниқлаш ва харитага тушириш ишлари амалга оширилган. Ушбу ўрганилган майдонларнинг 1 млн 743 минг 600  гектари турли даражада шўрланганлиги аниқланди.

 “Тупроқсифаттаҳлил” корхонаси синов лабораториясида амалга ошириладиган тупроқ таҳлиллари дунёнинг 160 та давлатида тан олинади. Корхона 2023-йилда тупроқ таҳлилини ўтказишга мўлжалланган замонавий ускуналар сонини яна 3 тага оширди. Натижада тупроқ таҳлиллари 65 тадан 110 тага етди. Деҳқон ва фермерларга қулайлик яратиш мақсадида корхонада “Мобил лаборатория” ҳам фаолият олиб бормоқда.

Бошланаётган янги  экин мавсумида деҳқонларимизнинг ер майдонларидан самарали фойдаланишларида, аввало унинг таркиби ва ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ўсимликларнинг жойлаштиришлари албатта келгусида мўл ҳосил олишларида қўл келади.  

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА