Қадим-қадимдан инсоният ерга меҳр бериб, унга бир неча босқичда ишлов бериб келади: юмшатади, текислайди, бегона ўтлардан тозалайди. Шунга яраша ундан унумли ҳосил олади.
Хусусан, Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан ҳам бугунги кунда республикамиздаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини сақлаш, ошириш каби тупроққа оид маълумотларни қайта ишлаш ҳамда бошқаришда долзарб вазифаларни бажармоқда.
Жумладан, Институт ва унинг вилоятлардаги минтақавий бўлинма ходимлари томонидан дала-тадқиқот ишлари амалга оширилиб тупроқ намуналари олинмоқда.

Институтнинг Шўрланган тупроқлар генезиси, географияси ва мелиорацияси бўлими бошлиғи Ж.Турдалиев бошчилигида бир гуруҳ тадқиқотчи олимлар томонидан тупроқ карталарини тузиш ва тупроқ сифатини баҳолаш, харитага тушириш лойиҳа-қидирув ишлари давом этмоқда.
Тадқиқотчилар томонидан биргина Бухоро вилоятининг жами 230 848 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида тадқиқот ишлари бажарилмоқда.
Айни дамда олимлар вилоятнинг Пешку туманида 18 826 гектар, Ромитон туманининг 23 401 гектар ҳамда Ғиждувон туманида 20 424 гектар майдонларида белгиланган иш режа асосида ниҳоясига етказилмоқда.
Ота-боболаримиз айтганидек: "Ерни боқсанг, ер сени боқади". Тупроққа ҳам қанчалик ишлов берсак, шунчалик ундан самара кўрамиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА