Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тупроқ деградацияси ва ҳаво ифлосланиши муаммоларига бағишланган семинар
16:12 / 2025-10-06

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтида кўп фазали оқимлар ва уларнинг ҳудудий муаммоларнинг ечимида қўлланиши бўйича халқаро семинар бўлиб ўтди.

Семинар экология, сувни тежаш технологиялари, тупроқ деградацияси ва ҳаво ифлосланиши муаммолари каби минтақамиз учун муҳим бўлган амалий йўналишлардаги тадқиқотларга бағишланди.

Семинар иши суғориш натижасида тупроқларнинг емирилиши шароитида сув ресурсларининг тақчиллиги, саноат фаолиятидан зарарли чиқиндиларни камайтириш ва бошқа экологик хавфсизлик муаммоларни ҳал қилиш механизмларини аниқлашга қаратилган.

Семинар доирасида Орол денгизи ҳавзаси муаммолари бўйича давра суҳбати ташкил этилди.  

Семинарнинг асосий мақсади сув ресурсларини бошқариш, экология муаммолари, атмосферадаги зарарли чиқиндиларни камайтириш билан боғлиқ масалалар бўйича экспертлар ва олимлар ўртасида тажриба ва билим алмашиш учун платформа яратишдан иборат.

Семинарнинг вазифаси кейинги тадқиқотларга тавсиялар ва йўл харитасини ишлаб чиқиш, шунингдек, турли мамлакатлар экспертлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, янги тадқиқот лойиҳаларини шакллантиришдан иборатдир.

– Семинарнинг тематик йўналишлари — суюқлик ва кўп фазали муҳитлар механикаси, ҳавонинг ифлосланиши ва турбулент моделлар, амалий масалаларни ечиш учун замонавий дастурий пакетларни қўллашдан иборат, – дейди М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти катта илмий ходими, техника фанлари доктори (DSc) Музаффар Ҳамдамов. – Ушбу форумни ўтказиш натижасида халқаро алоқаларни янада кенгайтиришга эришилади. Бу инновацион лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда долзарб муаммоларнинг кенг доирасини аниқлаш ва ҳал қилиш, шунингдек, таълим ва илм-фаннинг  ўзаро уйғун таъсири, илмий жамоалар ва ҳамкорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Тадбир давомидаги баҳсли мунозаралар янги ташаббусларнинг пайдо бўлиши ҳамда Марказий Осиё минтақаси учун муҳим бўлган муаммоларнинг инновацион ечимларини ишлаб чиқиш учун ажойиб имконият бўлди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА