“Ҳудудгаз Бухоро” филиали томонидан ноқонуний газ истеъмолига қарши рейд тадбирлари Вобкент туманида ўтказилди.
Хусусан, туманнинг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Ж. ўз хонадонида замонавий газ ҳисоблагичнинг фильтр қисмига резина шланг ва газ сўрғич орқали ноқонуний уланиб, 43 934 метр куб табиий газдан қонунга зид равишда фойдаланган. Ушбу ҳолат натижасида газ таъминоти корхонасига 143 миллион 319 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Шунингдек, Бухоро туманининг Юрун боло маҳалласида яшовчи истеъмолчи Р.М. хонадони тунги рейд тадбири давомида кўздан кечирилганда, фуқаро газ ҳисоблагичдан олдин яширин йўл билан газ қувурига улангани аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, у 45 миллион 84 минг сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган.

Бухоро шаҳрининг Садриддин Айний маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Ҳ. эса табиий газ тармоғига ҳисоблагичсиз, тўғридан-тўғри уланиб, 5 013 метр куб энергия ресурсидан ноқонуний фойдаланган ва натижада 15 миллион 39 минг сўм моддий зарар етказилгани ҳисоблаб чиқилди.
Қоракўл тумани “Дўстлик” маҳалласи Саодат кўчасида яшовчи М.С. хонадони тунги рейд давомида ўрганилганда, 20 011 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Қайта ҳисоб-китобларга кўра, филиалга 60 миллион 33 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Филиалнинг “Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши курашиш” бўлими ходимлари иштирокида ўтказилаётган тунги рейдларда ҳам бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари бартараф этилмоқда.

Жумладан, Бухоро шаҳри Ғиждувоний маҳалласининг Орифон кўчасида яшовчи фуқаро Ж.Т. электрон газ ҳисоблаш ускунасидан олдин газ қувури тортиб, хонадонда ташкил қилинган товуқхона биносини иситиш мақсадида 57 675 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Натижада газ таъминоти корхонасига 173 миллион 25 минг 600 сўм моддий зарар етказилган.
Шунингдек, шаҳарнинг Жўбор маҳалласида жойлашган нотурар бино фуқаро М.Ж.га тегишли бўлиб, у ерда товуқхона фермаси ишчи-ходимлари учун яшаш биноси ташкил этилган. Тадбирлар давомида мазкур бинода табиий газ қувурининг кириш қисми бош жўмракдан муҳр орқали ёпиб қўйилганига қарамасдан, ҳовли ичидаги қувурга яширин йўл билан газ ҳисоблагичсиз уланганлиги аниқланди. Истеъмолчи 67 377 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланган бўлиб, ушбу ҳолат 202 миллион 131 минг сўм миқдорида моддий зарар келтирган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.