Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Хуршид Садиров раҳбарлигида “Хавфсиз хонадон” ойлиги доирасида тунги назорат тадбири ташкил этилди.
Тадбирда бошқарманинг Янгиер шаҳар бўлими ҳамда бошқа тегишли тузилмалар ходимлари иштирок этишди.

Полковник Хуршид Садировнинг айтишича, бундай назорат тадбирлари қиш фаслида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ис газидан заҳарланиш ва ёнғин каби фавқулодда вазиятларни олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

– Чунки “Хавфсиз хонадон” ойлиги доирасида ўтказилаётган профилактик тадбирлар орқали хонадонларда турли техноген ҳолатлар, энг муҳими хавфсизликка дахлли камчиликлар аниқланиб, бартараф этилади. Бу эса аҳолининг тинч ва осойишта турмуш кечиришига, айниқса ёшлар орасида фавқулодда вазиятларга тайёргарлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади, – деди полковник.

Назорат тадбирлари давомида энергетика ва коммунал хизматлар ташкилотлари, ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда энергетика инфратузилмасининг барқарор ишлашини таъминлайдиган махсус техника, ускуналар ва материаллар захиралари текширилди. Шунингдек, кўп қаватли уй-жойлар фондларида хавфсизлик ҳолати баҳоланди ва зарур профилактик чоралар белгиланди.

Тадбир давомида авария-тиклаш гуруҳларининг фаолияти, мурожаатларни қабул қилиш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тизими ҳам қайта кўриб чиқилди. Иситиш мавсуми давомида хавфсиз ишлашни таъминлаш мақсадида масъулларга қўшимча топшириқлар ва тегишли йўриқномалар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири