Ҳозирда Женевада (Швейцария) Ахборот жамияти бўйича Бутунжаҳон саммити – “World Summit on the Information Society Forum 2022” якуний ҳафтаси бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Tumaris.Tech” лойиҳаси “Capacity building” номинациясида ғолиб чиқди ва бош совринни қўлга киритди.

Вазирликнинг маълум қилишича, қўлга киритилган соврин Халқаро электралоқа иттифоқи бош котиби Хоулин Чжао томонидан топширилган.
Қайд этиш керакки, “Tumaris.Tech” – IT-Park Ўзбекистан томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган энг йирик лойиҳалардан бири.
Дастур аёлларнинг AKT экотизимига жалб этилишини оширишга қаратилган. Фрилансер сифатида ишлашни хоҳловчи аёлларга таълим бериш ва яна бир неча йўналишларни ўз ичига олади.
Икки йил ичида лойиҳа 30 та стартап кўринишида ўз самарасини берди ва 200 дан ортиқ қизлар IT соҳасида таълим олиш имкониятига эга бўлди. Ҳозирда лойиҳа Марказий Осиё бўйлаб кенгаймоқда.
Маълумот учун, саммитда жами 70 дан ортиқ давлат иштирок этмоқда.
ЎзА