French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Tumaris.Tech 2022 йилги Ахборот жамияти бўйича Бутунжаҳон саммитида ғолиб бўлди
14:45 / 2022-06-01

30 майдан 3 июнга қадар Женевада World Summit on the Information Society Forum 2022 (WSIS 2022) якуний ҳафтаси бўлиб ўтади.

Саммит БМТ ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унинг доирасидаги тадбирлар тузилма таркибига кирувчи Халқаро электралоқа иттифоқи томонидан ташкил этилган. Форумда жами 70 дан ортиқ давлат иштирок этмоқда. Мазкур кенг кўламли тадбирда Ўзбекистон Республикаси номидан мамлакатимиз Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қатнашмоқда. 

2012 йилдан бошлаб БМТ агентликлари ва халқаро ташкилотлар – BMT YIK, UNESCO, UNICEF, JSST иштирокида WSIS доирасида ҳар йили мамлакатлар, шаҳарлар ва минтақалар ўртасида ижтимоий аҳамиятга эга IT хизматларини яратишда эришилган ютуқларига бағишланган “WSIS Prizes” танлови ўтказиб келинмоқда.  

Танловдан кўзланган мақсад ҳаётнинг барча жабҳаларида жорий этишга мўлжалланган муваффақиятли халқаро тажрибаларни аниқлашдан иборат. “WSIS Prizes” мукофотига бутун дунё бўйлаб ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш мақсадида АКТ салоҳиятини ишга солувчи кўзга кўринган лойиҳалар 18 та номинация бўйича лойиқ кўрилади. IT Park томонидан амалга оширилган Tumaris.Tech лойиҳаси Сapacity building” номинациясида ғолиб чиқиб, ушбу йўналиш бўйича соврин қўлга киритди. 

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги берган маълумотларга кўра, Tumaris.Tech – IT Park Uzbekistan томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган энг йирик лойиҳалардан бири. У 2020 йил июль ойида ишга туширилган.  

Tumaris.Tech дастури аёлларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа бир неча таркибий қисмлардан иборат. У аёлларнинг АКТ экотизимига жалб этилишини оширишга қаратилган бўлиб, BPO (Business Process Outsourcing)ни ривожлантиришдан тортиб, фрилансер сифатида ишлашни хоҳловчи аёлларга таълим бериш, стартапларни ривожлантириш ва инвестициялар бўйича тренингларгача бўлган йўналишларни ўз ичига олади.  

Икки йил ичида лойиҳа 30 та стартап кўринишида ўз самарасини берди ва 200 дан ортиқ қизлар IT соҳасида таълим олиш имкониятига эга бўлди. Ҳозирда лойиҳа Марказий Осиё бўйлаб кенгаймоқда. Эндиликда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон вакиллари ҳам Tumaris.Tech дастурларида иштирок этиши мумкин. Маълумот ўрнида айтиш керак, World Summit on the Information Society Forum 2022 йил 15 март куни виртуал форматда ўз ишини бошлади. Якуний ҳафта 2022 йилнинг 30 майдан 3 июнга қадар Женевада бўлиб ўтади.  

Форумнинг бу галги шиори “АКТ: фаровонлик, инклюзивлик ва барқарорлик учун. Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDG) йўлида WSIS доирасидаги ҳамкорлик” деб номланган.  

Г.Сатторова ЎзА