Президент топшириғи – амалда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили февраль ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли сонининг ўсиши билан электр энергияси истеъмоли ортиб бораётганлигини таъкидлаган эди. Сўнгги беш йилда юртимизда аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари сони кўпайганлиги натижасида Фарғона водийси вилоятларида электр энергиясига талаб 40 фоизга кўпайганлигини қайд этиб ўтганди.
Давлатимиз раҳбари юзага келган муаммони бартараф этиш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, қуёш, шамолдан электр энергияси олишга қаратилган лойиҳаларни ҳамда гидроэлектр станцияларни ишга тушириш бўйича топшириқлар берган эди.
Ана шу топшириқлар ижроси доирасида 2024 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 20 дан ортиқ гидроэлектростанциялар ишга туширилди. Умуман, биргина шу йилнинг ўзида Жалақудуқ, Балиқчи, Булоқбоши, Олтинкўл, Хўжаобод, Қўрғонтепа, Марҳамат, Избоскан, Пахтаобод туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида қиймати 70 миллион долларга тенг лойиҳалар доирасида қуввати 31,3 МВтли 14 ГЭС, қиймати 50 миллион долларга тенг лойиҳалар доирасида қуввати 23,7 МВТга 458 та микро ГЭСнинг ишга туширилиши режалаштирилган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ана шу ГЭС ва микро ГЭСларнинг ишга тушиши билан 220 мингта хонадоннинг электр энергияга бўлган эҳтиёжи қопланади.
Марҳамат туманининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош, чекка “Роҳат” маҳалласи ҳудудида янги гидроэлектростанциянинг қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири ҳисобланади.
Умумий қиймати 8,8 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа “Мингтепа гидро энергия” масъулияти чекланган жамияти, Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanical” LTD ҳамда “XJY Power PTE” LLC компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Катта Фарғона каналида барпо этилган янги гидроэлектростанциянинг қуввати 4,5 МВтни ташкил этади, йилига 19,4 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.
Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 20 та доимий иш ўрни яратилди. Эндиликда йилига 5,2 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинади, тумандаги 8 мингга яқин хонадон узлуксиз ва барқарор электр энергияси билан таъминланади.
Вилоятда мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш, янги гидроэлектростанциялар қуриш, мавжуд, лекин узоқ йиллардан буён ишламай турган мини ГЭСларни ишга тушириш орқали аҳолини электр энергиясига бўлган талабини қондиришга қаратилган ишлар режа асосида давом этмоқда.
Хусусан, 2025-2026 йилларда вилоятда “Ўзбекгидроэнергия” АЖ, маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар доирасида жами қуввати 200 МВт бўлган 763 та кичик ва микро гидроэлектростанция қуриш, фойдаланишга топшириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-25205]
Мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида 2027 йилга бориб гидроэнергетика вилоятнинг электр энергияга бўлган талабининг 45 фоизини таъминлайди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари