English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туманлараро перинатал марказ фойдаланишга топширилди
11:19 / 2026-01-05

Бухоро вилояти Қоракўл туман тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги туманлараро перинатал марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Марказнинг очилишида туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси масъуллари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида тўхталиб, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракат туфайли тиббиёт муассасалари моддий-техник имкониятлари яхшиланаётгани, тиббиёт ходимлари меҳнати муносиб рағбатлантирилаётганини алоҳида таъкидлади.

 Иштирокчилар перинатал марказда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Икки қаватли, замонавий талаблар асосида қурилган бино тўлиқ жиҳозланган бўлиб, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Марказда 5 та зал, УЗИ хонаси, беморлар махсус хонаси, оғир беморлар учун палата, туғруқ зали, шифокорлар хонаси, 2 та жарроҳлик амалиёти хонаси, ҳар бир қаватда 4 нафардан бемор ўрнига эга 3 та жарроҳлик амалиётидан кейинги хоналар мавжуд.

Мазкур лойиҳа учун қарийб 4 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, нафақат Қоракўл, балки Олот, Жондор ва бошқа туманлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган замонавий “Миндрай” русумидаги тиббий аппаратлар билан таъминланган. Шунингдек, “Осиё тараққиёт банки” кредити асосида харид қилинган олти турдаги замонавий тиббий техник воситалар оналар ва чақалоқлар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.