Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида ишсизлик даражаси 3,1 фоизга тушди. Бу шунчаки рақам эмас — унинг ортида ҳар бир ишга жойлашган фуқаро, барқарор даромадга эга бўлган оила, энг муҳими, изчил ислоҳотларнинг амалий натижалари турибди.
Бу ҳақда туманда аҳоли бандлиги, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Анжуманга туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев раҳбарлик қилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда фаол жамоатчилик иштирок этишди.

Расмий маълумотларга кўра, туманда 81 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 29,3 минг нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади, шундан 27,6 минг нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга. 2025 йил бошида ишсизлик даражаси 5,7 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 3,1 фоизгача пасайишига эришилди. Ишсизлар сони 913 нафаргача камайган.

Бу натижаларга маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида янги иш ўринларини яратиш, аҳолини замонавий касбларга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали эришилмоқда. Жумладан, 14 568 нафар ишсиз фуқаронинг 8 594 нафари ишга жойлаштирилди.
Жорий йилда 755 нафар фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш режалаштирилган бўлиб, шунинг 665 нафари биринчи ярим йилликда малака оширди. Улар учун кейинчалик иш ўринлари билан таъминлаш масаласи ҳам назоратга олинган.

Ярим йилда 803 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди. Бу кўрсаткич белгиланган режадан юқори. Камбағалликни қисқартириш йўналишида манзилли ёндашув асосида кам таъминланган оилалар аъзолари меҳнат фаолиятига кенг жалб этилмоқда. 2025 йилда шундай 1 082 та оиланинг 5 389 нафар аъзосини иш билан таъминлаш кўзда тутилган бўлса, шу кунга қадар 590 та оиладан 2 931 нафар фуқаро бандликка эришди.
Бу жараёнда Президентнинг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари институти ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Улар томонидан аҳолининг эҳтиёжлари ўрганилиб, мақсадли ечимлар таклиф қилинмоқда.
Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш доирасида жорий йилда 813 та микролойиҳа учун 11,4 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Январь–май ойлари мобайнида 700 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 402 нафар фуқаро бандликка эга бўлди.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири