Юртимизда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланиб улгурди.
Навоий вилояти Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев бошчилигида сектор раҳбарлари узоқ овуллар аҳолиси ҳолидан доимо хабардор бўлиб, шарт-шароит, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида учрашувлар ўтказиб келмоқда.
Аҳолининг кайфиятини кўтариш, таклиф ва муаммоларини тинглаш ва ҳал этиш мақсадида туман мутасаддилари “Боймурод” овул фуқаролар йиғинидаги “Қус-қудуқ” овулида бўлди.
“Қус-қудуқ” овулида қозоқ миллатига мансуб 400 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Марказдан 250 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағрида жойлашган овул ўзига хос инфратузилмаси, турмуш тарзи билан ажралиб туради.
Асосан чорвадорлик билан шуғулланиб келинаётган “Қус-қудуқ” овулида “Боймурод” оилавий шифокорлик пунктининг филиали 90 ўринга мўлжалланган ва таълим қозоқ тилида олиб бориладиган 33-умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда.
Тадбир доирасида Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида спортнинг бир неча йўналишида овул ёшлари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилиб, фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
Учрашув жараёнида аҳоли мурожаатлари ўрганилиб, муаммо ва камчиликлар тез кунларда бартараф этилиши юзасидан туман ҳокими томонидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди. Шунингдек. ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Учрашув сўнгида концерт дастури намойиш этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА