Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда ҳар пайшанба “Ёшлар куни” сифатида белгилангани ёшларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, сифатли таълим олиши ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бу ташаббус ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Шу муносабат билан Бухоро вилоятининг чўл ҳудудида жойлашган Қоровулбозор туманидаги Қоровулбозор туман техникумида туман ҳокими Ў. Ҳамроевнинг ўқувчи-ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Туман ҳокими ўз сўзида бугунги кунда давлат томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар – замонавий таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, хорижий тилларни ўрганиш, спорт билан шуғулланиш, муносиб иш ўрни топиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун берилаётган имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Айниқса, техникум битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош мутахассислар сифатида шакллантириш масалалари юзасидан мутасадди раҳбарларга аниқ вазифа ва кўрсатмалар берилди.


Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, мутасаддилардан аниқ ва тушунарли жавоблар олдилар.

Шунингдек, Қоровулбозор туман техникуми битирувчи ёшлари учун кенг қамровли меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Ярмаркада туман ва ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар, банк муассасалари вакиллари иштирок этиб, мавжуд бўш иш ўринлари, ишлаб чиқариш амалиёти дастурлари ҳамда ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Битирувчилар ўз мутахассислиги бўйича тўғридан-тўғри иш берувчилар билан суҳбатлашиш, резюме топшириш, дастлабки танлов жараёнларида қатнашиш имконига эга бўлишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири