Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туман ҳокими тадбиркорларнинг мурожаатини тинглади
14:41 / 2024-07-26

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметовнинг тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлар билан учрашуви ташкил этилиб, унда муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, қабул жараёнида туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, бўлим бошлиқлари, тижорат банк масъуллари, овул ва маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.  

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил август ойида  тадбиркорлар билан Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтадиган очиқ мулоқоти доирасида шаҳар ва туман ҳокимликларида тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари ҳамда таклифларини ўрганиш бўйича сайёр қабуллар, учрашувлар ташкил этилмоқда. Қабул жараёнида туман ҳокими тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар, уларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик, олиб борилаётган туб ислоҳотларга тўхталди.  

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг имкониятлар яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида имзолаган фармон ва қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.  

Қабул жараёнида тадбиркорлар маиший хизмат кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш,  оилавий боғча очиш учун кредит маблағлари олишда амалий ёрдам сўради. Шунингдек, қўшимча бино ажратилиш тартиблари, кўчма дўкон учун ер олишда ёрдам сўраб қилинган жами 20га яқин мурожаат тегишли масъуллар иштирокида таҳлил қилиниб, ижобий ҳал этиш бўйича топшириқ берилди.  

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини юқори савияда ўтказишни ташкил қилиш бўйича республика комиссияси, шунингдек, ҳудудларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан 15 июндан очиқ мулоқот ўтказилгунга қадар махсус электрон платформалар, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Call-марказ хизмати, ижтимоий тармоқлар ва сайёр қабуллар орқали тадбиркорлар мурожаатларини тун-у кун қабул қилиш тизими йўлга қўйилди. Айни кунларда  очиқ мулоқот ва халқаро бизнес форумга тайёргарлик жараёнлари давом этмоқда.  

Тадбиркорлар билан учрашув Оролбўйининг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда.  

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири