Навоий вилояти Учқудуқ шаҳридаги халқ тилида “Модел” деб аталувчи “Қурувчилар” кўчаси янгидан ташкил этилган “Ифтихор” маҳалласи ҳудудида жойлашган. Бу ерда ҳозирда 64 та хонадонда 252 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Учқудуқ шаҳри бунёд этилишида қурувчилар учун бошпана сифатида қурилган бу масканни аслида қўрғонча дейиш мумкин. Бир қаватли пастқамгина уйлар, оддийгина ҳаёт кечираётган одамлар...
Учқудуқ тумани ҳокими Соли Ҳамроевнинг бу галги 2 соатлик “ташрифи” ана шу “Модел”да ўтди.

– Кўпчилик “Модел” да яшайсизларми, деган ғалати савол беради. Аммо, келишса бу ердаги шароитларни кўриб ҳайрон қолишади. Аҳолимиз учун яратилган шароитлар шаҳардагидан ортиқ бўлса ортиқки, камчилиги йўқ, – дейди 2-уй, 9-хонадонда яшовчи Дилсўз Ғафурова.
Икки нафар фарзанднинг онаси шароит бор бўлгани учун ҳам шундай сўзларни айтаётганига ишонаман. Кўчада ҳаво ҳарорати минус даражада бўлишига қарамай, эшик томон югуриб чиққан болалар уйда юпингина кийиниб олганидан уй ичи иссиқлигини, телевизор ёқилгани электр токи борлигидан далолат.
Туман ҳокими билан мулоқотда уй бекаси ташқарида қувурлар музлаганлиги боис уйда 3 кундан буён ичимлик сув йўқлигини айтди.
Салбий ҳолатни тезкорлик билан ҳал этиш, хонадонларни ўз вақтида ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида тегишли масъулларга кўрсатмалар берилиб, вазият назоратга олинди. Ишлаётган гуруҳга яна қўшимча сифатида ишчилар жалб этилиб, муаммо шу куннинг ўзида ҳал этилишига эришилди.

Йўллар яхши уйларга олиб боради, дейишади. Бугун икки-уч йил олдинги чанг, лой кўчалар асфальт қилинган. Қурилиш материаллари яна йўллар чўзилишидан дарак бериб турибди. Машиналар серқатнов бўлмаган йўлларда “Қурувчилар” нинг болалари велопойга ўйнаяпти.
Бахитжан Утегенов туман ҳокими билан суҳбати давомида оиласи ва ота-онаси билан яшаётган хонадонининг кадастр ҳужжатлари йўқолганлиги сабабли ҳоким қарори чиққан бўлсада, ҳали ҳамон хусусийлаштирилмаганини маълум қилди.
Бахитжан ва унинг отасига ҳоким томонидан ўзлари яшаётган уйни тезроқ хусусийлаштириб, эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш кераклиги тушунтирилди. Ва ҳоким телефон орқали шу соҳа масъулларига ишни тезлаштиришни илтимос қилди. Худди эндигина уй сотиб олгандек қувончдан яйраб кетган ота қўярда-қўймай ташриф буюрувчиларни хонадонига таклиф этди.
Шу куни Учқудуққа ёш мутахассис шифокор сифатида жўнатилган ва бугун шу халқнинг хизматида бўлган Нурали Жўраевнинг ҳам муаммоси ҳал бўлди. Бир хоналик уйига қўшимча бино сифатида қурилган яна бир хоналик уйи кадастр қилиниб бериладиган бўлди. Яқиндагина фарзандлари 3 нафарга етадиган Нурали учун бу энг яхши хушхабар бўлди.
Учқудуқлик Зуҳра ва хатирчилик Наврўз Учқудуқда топишиб турмуш қуришган. Туман ҳокимлиги томонидан бу икки ёшнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилганидан сўнг уларнинг яшаш манзиллари бўлмагани учун ёш келин-куёв “Қурувчилар” кўчасидаги бўш турган уйлардан бирига жойлаштирилди. Яшаш учун бошпана бўлган бир хонали уйда уларнинг ширин қизалоқлари дунёга келди. Аммо оила бошлиғи бирор-бир жойда муқим ишламайди. Бу масала ҳам ҳоким эътиборидан четда қолмади. Наврўз туман ободонлаштириш бошқармасига доимий ишчи сифатида ишга олинадиган бўлди. Оиланинг совуқ кунларда қийналмаслиги учун ҳомийлик асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Жанар Ахметова эса ота-онаси вафотидан сўнг ўзи ёлғиз яшайди. Муаммоларни ўрганган ҳоким унга ҳам мос иш топиб берди.
Бу туман ҳокимининг “Қурувчилар” кўчасида яшовчи аҳоли билан ўтказган икки соатлик мулоқотидан кейинги ечимлар.
Халқ билан ҳамнафаслик, одамлар орасига кириш, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш бугун ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутасадди зиммасидаги энг муҳим, энг долзарб, энг устувор вазифадир. Зотан, ўзини эл-юрт равнақи ва тақдирига дахлдор билган мутасадди учун халқ дарди, ташвиши билан яшашдан бошқа мезон йўқ.
Райҳон Қодирова,
Учқудуқ тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати раҳбари,
ЎзА