Фарғона вилоятида ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ёшлар кўплаб топилади. Фақатгина уларни қўллаб-қувватлаш ва тўғри йўлга солиш лозим.
Ўзбекистон туманидаги Юқори Тўлаш қишлоғида яшовчи Жасурбек Абдусаматов ўтган йили давлат рўйхатидан ўтиб, болалар пойабзали ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. У туман ҳокими қабулида бўлиб, фаолияти ва янги лойиҳалари ҳақида гапириб берди. Шу билан бирга фаолиятини кенгайтириш, янги дастгоҳлар сотиб олиш мақсадида кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
– Эртага корхонангизга бориб, ишингиз билан танишамиз, албатта, ёрдам бериш чораларини кўрамиз, – деди туман ҳокими Шерзоджон Йўлдошев.
Ваъда қилинганидек, эртасига Жасурбек фаолият олиб бораётган Фаровон келажак маҳалласига борилди. Ишлаб чиқариш жойи гарчи чоғроққина бўлса ҳам иш жараёнлари қизғин. Ёш тадбиркорнинг ғайрату шижоати баланд, режалари бисёр. Икки сменада 20 нафар маҳаллий ёшлар меҳнат қилмоқда.
– Ҳозирча пойабзалларнинг таг қисмини сотиб оляпмиз, сабаби хомашёси ва дастгоҳи бироз қимматлик қиляпти, лекин келажакда барибир уни ҳам ўзимизда тайёрлаш режамизда бор. Тикувчиларимиз, қолип босувчи ва косибларимиз эса бир қатор амалларни бажариб, маҳсулотни мана шу кўринишда тайёр ҳолатга келтиришади. Айни кунларда бир кеча-кундузда 100 жуфтгача пойабзални тайёр ҳолатга келтириб, сотувга чиқараётган бўлсак, қиш мавсумида бу кўрсаткични 150-200 жуфтга етказганмиз, дея иш жараёнлари билан таништира кетди ёш тадбиркор Ж.Абдусаматов. – 7 та тикув машинаси ҳамда Хитой технологиялари ҳисобланган 4 хил ускуна ёрдамида тайёр бўлаётган пойабзаллар ички бозорда анчагина харидоргир. Буюртмага кўра Самарқанд, Тошкент ва Қўқон бозорларига етказиб берилмоқда. Келажакда экспорт қилиш режалари ҳам йўқ эмас.
Туман ҳокими ёш тадбиркорнинг бор имкониятидан фойдаланиб, йўлга қўйган бошланғич фаолияти билан яқиндан танишди. Унинг навбатдаги бизнес лойиҳалари билан қизиқди. Шу ернинг ўзида зарурий ҳужжатларни тайёрлаб, кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш топшириғи берилди. Масъуллар, АТ “Халқ банки” филиали вакилларининг тавсия ва тадбиркор билан маслаҳатлари асосида Жасурбек оилавий корхона очадиган ҳамда унга 225 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.
М. Сулаймонов, ЎзА