Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Суғдиёна Нормўминовани Дубай шаҳрида бўлиб ўтган 2025 йилги ёшлар Пара Осиё ўйинлари қўлга киритган ғалабаси билан табриклади.
Нуфузли мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятларга бой бўлди. Спортчиларимиз Ватанга 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медаль билан қайтди. Умумжамоа рейтингида биринчи ўринни эгаллади.


Музработлик Суғдиёна Нормўминова ҳам спортнинг пара таэквондо тури бўйича +65 килограмм вазн тоифасида рақибларидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Суғдиёна Нормўминова Сурхондарё вилояти Пара Олимпия тайёрлов маркази талабаси. Пара таэквондо бўйича бир неча карра Ўзбекистон чемпиони. Жорий йилнинг 25 июль – 1 август кунлари Малайзияда бўлиб ўтган халқаро мусобақада ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, фахрли учинчи ўринни эгаллаган эди.


Чемпион қиз билан учрашувда унинг ота-онаси ва оила аъзолари ҳам иштирок этди. Туман ҳокими Суғдиёнанинг ота-онасига мустаҳкам иродали чемпион қизни тарбиялаб, улғайтираётгани учун чуқур миннатдорлик билдирди. Эсдалик совғаларини топшириб, уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр эканини билдирди. Келгуси беллашувларда ҳам Ўзбекистон байроғини фахр-ифтихор билан янада баланд кўтаришига омад тилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири