Туман электр корхонаси раҳбари 1500 АҚШ доллари пора олаётганда ДХХ томонидан ушланди
ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими тезкор ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди.
Қайд этилишича, Қумқўрғон тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари Ю.Х. туманда фаолият юритаётган «Мустаҳкам Мустақиллик» МЧЖ раҳбари У.Р.дан мазкур МЧЖга тегишли қурилиш цехини электр тармоғидан уздириб, тамагирлик йўли билан тармоққа қайта улаб бериши учун 1500 АҚШ доллар талаб қилади.
Тезкор тадбир давомида Ю.Х. келишилган пулни ўзининг хизмат хонасида олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.
Ҳозирда мансабдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мафтуна Каримова, ЎзА