"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида навбатдаги кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирлари ўтказилди. Мазкур ташаббус нафақат ҳудуд экологиясини яхшилаш, балки аҳоли учун соғлом, сўлим ва имкониятларга бой яшаш муҳитини яратишни ҳам назарда тутади. Бугун маҳаллаларнинг умумий қиёфаси, айниқса аҳоли иштирокига асосланган бундай саъй-ҳаракатлар орқали тубдан янгиланиб бормоқда.
Тадбирда туман ҳокими Абдураҳим Умаров бошчилигида туман ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат ва жамоат фахрийлари, нуронийлар, ёшлар ҳамда маҳаллий аҳоли фаол иштирок этди.

8 гектар майдонда Мирзаобод тумани иқлими ва тупроқ шароитига мос, шўрланишга чидамли манзарали ва мевали дарахтлар — ясен, каталпа, жийда, қайрағоч, сасна каби кўчатлар экилди.
Ободонлаштириш ишларига туман ободонлаштириш бўлимига қарашли махсус техника жалб этилгани ишлар самарадорлигини янада оширди.

Лойиҳанинг аҳамияти йил сайин ортиб, Мирзаободда ҳам бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳити шаклланиб бормоқда. Айниқса, аҳоли иштирокидаги хайрия, ҳашар ва жамоавий меҳнат анъаналари янада мустаҳкамланмоқда.
– Аҳолимиз атрофни боғларга айлантириш, гўзал ва дам оладиган маскан яратиш йўлида бирлашмоқда, – дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси Жумабой Қосимов. – Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу хайрли ҳаракат натижасида туман ҳудуди ўн-ўн беш йил аввалги кўринишига асло ўхшамайди. "Яшил макон" мақсадида экилган кўчатлар ҳавони мусаффолаштириш билан бирга қишлоқ ва маҳаллаларимизга янги кўрк бағишламоқда.

Тадбир доирасида жами 14 минг туп дарахт кўчатлари ерга қадалди. Қатнашчиларнинг таъкидлашича, бундай лойиҳалар нафақат экологик барқарорликка хизмат қилади, балки ёшларда табиатга нисбатан меҳр, ғамхўрлик ва масъулият туйғусини кучайтиради. Нуронийлардан тортиб раҳбарлар, хизматчилар ва ёшларгача бир сафда меҳнат қилиб, мазкур хайрли ишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди.
“Янги Ўзбекистон” маҳалласидаги ушбу ташаббус туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил давом этмоқда. Мирзаободнинг барча қишлоқ ва маҳаллаларида барпо этилаётган янги яшил ҳудудлар келажак авлод учун соғлом муҳит, ҳордиқ ва дам олиш имкониятларини яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мирзаобод туманида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари мамлакатимиздаги кенг кўламли экологик ислоҳотлар ва “яшил сиёсат”га уйғун тарзда ривожланмоқда. Бу эса келгусида янада мусаффо, кўркам ва барқарор экологик муҳитни шакллантиришга, шунингдек, ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади.
Ғулом Примов, (видео) ЎзА мухбири