3х3 баскетбол бўйича дунёнинг энг кучли мутахассисларидан бири, мўғулистонлик Тулга Сухбатар Ўзбекистон баскетболчиларининг "Лос-Анжелес-2028" ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олишига ишонади.
Миллий олимпия қўмитасида Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даданху Батбатар бошчилигидаги делегация билан учрашув чоғида юртимизда меҳмон бўлиб турган ушбу мамлакат миллий баскетбол ассоциацияси президенти Тулга Сухбатар бу ҳақда айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этган мулоқот давомида ҳар икки мамлакат ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, спорт таълими, яккакураш спорт турлари бўйича тажриба алмашиш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.

Суҳбат жараёнида баскетбол бўйича Мўғулистон терма жамоаси дунё рейтингида ТОП-10 ликда экани, Осиёда кучли учликдалиги қайд этилиб, Ўзбекистон баскетболчилари кучлилар қаторига қўшилиш имконияти борлиги таъкидланди.
Муҳокамалар якунида дўстона муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан келишувларга эришилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА