Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнора Абдувоҳидовага Улуғнор тумани Тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимида кундузги доя вазифасида ишловчи уч нафар фуқаро меҳнат ҳуқуқларининг бузилганлиги юзасидан мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, туғуруқ бўлимининг катта дояси А.Б. ҳеч бир асоссиз, сменалар қисқартирилгани, ходимлар 100 фоиз кундузги ва тунги сменага ўтказилишини маълум қилган. Мурожаатчиларнинг бири ҳомиладор, иккинчисининг кичик ёшдаги, бошқасининг эса қарамоғида ногирон фарзанди борлигига қарамасдан, улар тунги сменага ўтказилди. Уларнинг тунги вақтда ишлашлари учун оилавий шароитлари имкон бермаслиги, вазиятни эътиборга олиб, кундузги сменага ўтказиш бўйича қилган мурожаатлари туғуруқ бўлими маъмурияти томонидан эътиборсиз қолдирилган.
Мурожаат қилган фуқаролар туғуруқ бўлимида кундузги ва тунги сменаларга тақсимот таниш-билишчилик асосида қилингани ҳамда ишдан бўшашга мажбур бўлаётганликларини қайд этишган. Ушбу мурожаатни холис ва адолатли ўрганиш мақсадида Омбудсманнинг Андижондаги минтақавий вакили ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г.Қаюмова, бошқарма юристконсульти М.Рамазонов, Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳуқуқ инспектори М.Тўхтабоевдан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳолат жойига бориб ўрганилди.
Ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 228- моддасига зид равишда иш ташкил қилганлиги маълум бўлди. Яъни ҳомиладор ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилиш ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмаслиги бўйича белгиланган тартиб бузилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, туғуруқ мажмуаси мудири ва катта доясига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-модда, 1-бандига асосан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди. Туғуруқ бўлими ходимларининг розиликлари асосида навбатчилик қайта тақсимланиб, мурожаат қонуний ва ижобий ҳал этилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА