Президентимизнинг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига асосан Андижон шаҳридаги 13-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 2022-2023 ўқув йилида Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатига айлантирилган.
Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг тугатилаётганлиги ҳақида 2022 йилнинг 30 август куни мактаб жамоасига, ўқитувчиларга огоҳлантириш хатлари берилган. Бироқ, огоҳлантириш хатида мактаб маъмурияти томонидан ҳеч қандай иш таклиф этилмаган, шунингдек, қонунчиликда белгиланган икки ойлик компенсация ҳамда фойдаланилмаган меҳнат таътили пуллари тўлаб берилмаган. Бу ҳақида мактабнинг собиқ ўқитувчилари М.Назарова, Г.Содиқова, Г.Ашурова, М.Абдуллаева ва О.Қодирова мазкур масалада ёрдам кўрсатилишини сўраб, Андижон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилган. Уларнинг мурожаати мутахассислар томонидан амалда белгиланган тартиблар асосида кўриб чиқилди.
Масалани ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам мактабнинг 64 нафар педагог ва техник ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари Меҳнат кодексининг 100- моддаси 2- қисми 1- бандига асосан, бекор қилинганлиги аниқланди. Лекин ходимларнинг вазифасидан озод этиш ҳақидаги буйруқларда икки ойлик ўртача ойлик иш ҳақи тўлаб бериши кўрсатилган бўлса-да, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан белгиланган пуллар тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди.
– Қонунчилигимизда меҳнат шартномалари технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан бекор қилинганида, ходимлар бу ҳақида камида икки ой аввал огоҳлантирилиши ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан назарда тутилган огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган, – дейди Андижон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Азизбек Раупов. – Шундай бўлсада, Меҳнат кодекснинг 134-, 151- ва 154- моддаларида белгиланган талабларига риоя этилмаган. Ўрганишлардан сўнг Андижон шаҳар адлия бўлими томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлимига мактаб педагогик ва техник ходимларига тўланмаган ўртача ойлик иш ҳақи ва компенсация пулларини тўлиқ тўлаб бериш чораларини кўриш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилди. Натижада тугатилган мактаб ўқитувчи ва ходимларига 415 миллион 389 минг сўм миқдорида компенсация пуллари тўлаб берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
ЎзА