Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тугалланмаган “саргузашт”
14:53 / 2023-08-15

16 август – Абу Али ибн Сино таваллуд топган кун(рукн)

Шарқ тамаддунининг порлоқ юлдузларидан бири, Шайхурраис Абу Али ибн Сино ҳақида сўз кетганда, аввало, унинг тиббиёт ва фалсафа қўшган ҳиссаси хаёлимизга келади. Унинг тиб, фалсафа, илоҳиёт, математика, мусиқа, адабиёт, тил, мантиқ каби йўналишларда ёзган асарлари чуқур ўрганилиши бугунги кунда долзарб масала. Зеро, унинг ижодий мероси 479 та асарга жо бўлган. Дунёни илм ва тафаккур орқали забт этган аллома асарлари кўп қиррали, шу боис ҳам уларнинг янги жиҳатлари кашф қилинмоқда.  

Ҳаётини турли ўлкаларга кўчиб ўтказган олим илмдан, ижоддан асло тўхтамаган. Бухорода у туғилиб ўсган бўлса, Ҳамадон шаҳрида унинг хоки қолган. Исфаҳон шаҳрида эса аллома дарс берган мадраса мавжуд.  

Асарлари нафақат ўзбек, балки дунёнинг кўп тилларига таржима ва тадқиқ қилинган. 5 жилддан иборат “Тиб қонунлари” ўзбек тилида уч марта нашрдан чиққан ҳамда тибга оид қарашлари сараланиб, “Тиббий ўгитлар” номи билан китоб шаклида эълон қилинган. 

“Ҳай ибн Яқзон” (“Уйғоқ ўғли Тирик”), “Қуш ҳикояти”, “Саломон ва Ибсол” каби қиссалари, “Шеър санъати” рисоласи ҳамда “Таржимаи ҳол” асари Абдусодиқ Ирисов томонидан таржима қилинган. “Фонетика ҳақида рисола”си таржимаси ҳам амалга оширилган. Ибн Синонинг фалсафа илмига бағишланган “Азҳавия” рисоласи “Ёруғланиш” номи билан Маҳкам Маҳмудов ва Зайниддин Баҳриддинов таржимасида 2017 йилда “Жаҳон адабиёти”да эълон қилинди. “Ишқ ҳақида рисола” асари ҳам улар томонидан таржима қилинган.  

Энг эътиборлиси, у сўз санъати устаси сифатида бадиий адабиётни ҳам четлаб ўтмаган, инсоний туйғуларини бадиий сўз орқали ифодалаган. Абу Али ибн Сино шеърият орқали дидактик ва ижтимоий-фалсафий қарашларини баён этган. Унинг адабий мероси ўрганилиши нафақат ўзи ҳақида, балки у яшаган давр адабиёти ва маданияти ҳақида ҳам кўп материал беради. Шеърият ва аруз ҳақида адабиётшунослик нуқтаи назарини баён этган олим шеърлар ёзиб, бу борада ҳам ютуқларга эришган.  

Аллома шеърларидан намуналар дарсликларга киритилган. Шоислом Шомуҳамедов, Жамол Камол, Абдусодиқ Ирисов, Эргаш Очилов унинг ғазаллари, рубоийлари, қитъа ва фардлари ҳамда тиббиётга оид назмий парчаларини тилимизга ўгирган.  

Ибн Сино ҳаёти ва асарлари ҳақида турли йўналишда мақолалар ёзилган, монографиялар эълон қилинган. Абдусодиқ Ирисов “Ибн Синонинг “Саломон ва Ибсол қиссаси” номли рисола ёзиб, қиссанинг таржимаси билан бирга нашр эттирган эди. Ушбу олим бундан кейин Абу Али ибн Сино ҳаёти ва ижоди билан жиддий шуғулланиб, “Абу Али ибн Сино ҳаёти ва ижодий мероси” монографиясини эълон қилган. Бу асарда шайхурраиснинг билим ва заковати, салмоқли илмий мероси ҳақида қимматли фикрлар мавжуд.  

Адабиётшунос олим Нажмиддин Комилов Шарқ ва Ғарб олимлари ижодини таққослаб, уларнинг бир-бирига таъсирини кўрсатиб берган ҳамда Шарқда сўз санъати алоҳида эътиборга молик эканини таъкидлаган. У “Тафаккур карвонлари” асарида бир фаслни Ибн Сино ва Дантега бағишлаб, Шарқ олимининг Данте тафаккурига таъсирини чуқур фалсафий таҳлиллар асосида ёритиб берган. Ҳатто муаллиф бундай хулосага келган: “Буюк итальян шоири баъзан Арасту ва Ибн Рушд билан мунозарага киришиб, уларнинг айрим қарашларини рад этади. Аммо ибн Сино қарашларига ҳеч бир эътироз билдирмайди”. Ушбу олим: “Улуғ Ибн Сино Шарқда фалсафий шеъриятни бошлаб берган алломадир”, деган хулосага келган.  

Ибн Сино асарларининг кўплаб қўлёзма нусхалари дунёнинг нуфузли кутубхоналарида сақланади.  

Ўзбекистондаги Ибн Сино жамоат фонди аллома асарларини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича кенг қўламли ишлар олиб бормоқда. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказида унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган алоҳида бўлим ажратилган. Унда олимнинг илмий мероси қўлёзмалари, илмга киритган янги кашфиётлари намуналари қўйилиши режалаштирилган.  

Алломанинг адабий меросини шартли равишда рамзий қиссалар ва эсдаликлар ҳамда турли жанрдаги шеърларга ажратиш мумкин. Рамзий қиссаларини ўрганиш шунинг учун ҳам аҳамиятлидирки, унинг фалсафий қарашлари мағзи шу асарларда мужассам бўлган.  

Муаллиф Фарджон зиндонида бўлган даврда ёзган “Қуш ҳикояти” қиссасидан таъсирланиб, Муҳаммад Ғаззолий, Суҳравардий, Аттор шу асосда асарлар яратганлар. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони генезисини айнан шу асар ташкил этади.  

Шунингдек, “Ҳай ибн Яқзон” (“Уйғоқ ўғли Тирик”) рисоласи ҳам Фарджон зиндонида яратилган. Шайхурраиснинг шогирди Абу Мансур ибн Тоҳир ибн Зила ушбу асарни араб тилидан таржима қилиб, унга мукаммал шарҳ ҳам илова қилган.  

Ибн Синонинг тугалланмай қолган асари —“Таржимаи ҳол”(“Саргузашт”) унинг шогирди Жузжоний томонидан якунланган. Унда Шайхурраиснинг болалигидан бошлаб вафотигача бўлган воқеа-ҳодисалар қисқа тарзда тасвирланган.  

Аллома ижтимоий-фалсафий қарашлари хулосасини баён этиш учун лирик жанрлардан фойдаланган. Ўқувчи унинг шеърий тўпламларини ўқир экан, ижтимоий-фалсафий, дидактик, ишқий ва ҳасби ҳол мавзуларига бағишланган шеърий парчаларга дуч келади.  

Фалсафий дунёқараши қаймоғини ташкил этадиган шеърий парчалар муаллифнинг бой тафаккури маҳсулидир. Ҳикматли шеърларини ўқир эканмиз, кўзимиз ўнгида етук файласуф ва жасоратли шоир гавдаланади. У олий мақсади йўлида ҳеч нарса тўсиқ бўла олмаслигини баён қилган ва маънавий камолот йўлида ўзи намуна бўлган. Шеърлари ҳаёти ва тафаккур тарзидан хабар бериб туради, яъни мисраларда келтирилган гўзал намуналар бошқа жойларда айтилган ҳикматли сўзлари билан ҳамоҳанг чиққан.  

Хўш, шундай экан, нима учун кўпчилигимиз уни фақатгина тиббиётва фалсафага қўшган ҳиссаси билан эсга оламиз? Боиси, аллома халқ ичида ҳаким ёки файласуф сифатида танилган.  

Шоирлик маҳорати эса кўп ҳам кўзга ташланмаган. Умар Хайём ҳам яшаган даврига яқин ёзилган манбаларда бирор жойда шоир деб келтирилмаган. Бу билан у шоир эмас, деб ҳукм чиқариб бўлмайди.  

Рубоий жанрининг ўзига хос хусусияти шундаки, биринчи ва иккинчи сатрларда бирор масала кўтарилади ва учинчи ҳамда тўртинчи мисраларда фикрлар хулосаси жамланади. Бундай услуб эса турли фалсафий фикрларни баён қилишга қўл келарди. Ибн Синога мансуб рубоийларни ўқиганда, айнан шу хусусиятлар мужассам эканини пайқаш мумкин.  

Аллома рубоийларининг айримлари машҳур бўлган. Рубоийлар турли мавзуларни қамраб олган: дунёнинг бебаҳолиги, маънавий камолот, ишқ жозибаси ва аҳамияти, ҳасаднинг ёмонлиги ва ҳоказо. Ҳар доим шоир рубоийнинг охирида хулосавий фикрини келтиради. Яъни, ҳар бир рубоийда мавзу турлича бўлиши мумкин, аммо масалани ўртага ташлаб, унга ечим топиш услуби ўхшаш. Хайёмнинг фалсафий рубоийлари шаклланишига Ибн Синонинг шеърлари туртки бўлган. Шайхурраис ижодида айрим рубоийлар мавжудки, Хайёмнинг бадиий ижоди улар атрофида айланади. Шунинг учун фалсафий рубоийлар, асосан, Ибн Синода шаклланган бўлса, Хайём ижодида ўз чўққисига етди, десак муболаға бўлмайди.  

Ибн Синонинг саноқли қитъа ва рубоийлари неча юз йилдан бери халқ хотирасида сақланиб келмоқда. Қуйидаги рубоий шулар жумласидан:  

Қаро ер қаъридан то авжи Зуҳал  

Коинот мушкулин барин қилдим ҳал.  

Кўп мушкул тугунин англадим, ечдим,  

Ечилмай қолгани биргина ажал.  

(Абдусодиқ Ирисов таржимаси)  

Абу Али ибн Сино табиб сифатида барча касалликларнинг давосини топган бўлса ҳам, ўлимга ҳеч қандай даво йўқлигини англаб етди. Аллоҳ башариятга кўп имкониятлар берди, у барча соҳаларда янги кашфиётларга эришди, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан юксалди, лекин охири ўлим олдида ожиз қолди. Бу эса инсон ҳаёти Холиқнинг иродасига боғлиқлигини кўрсатади.  

Ибн Сино маънавий камолотга эришишни энг асосий вазифа деб белгилаган. “Қуш ҳикояти” асарида: “Ўз камолотига эришмаган киши дангасадир”, деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, вақт ўлчаб берилган, дунё вақтинча яшаш учун мўлжалланган манзил, бу ерга келиб, камолотга эришиш олий мақсад ҳисобланади. 

Алломанинг бир қитъасида қуйидаги сатрларга дуч келинади: 

Жон агар бир шиша бўлса, илм–бир ёнгувчи шам,  

Ҳикмати инсонни билгил ул чароғда лампаёғ.  

(Шоислом Шомуҳамедов таржимаси)  

Юқоридагисатрлар“Нур”сураси мазмунидан илҳомланиб ёзилган. Чунки алломанинг ўзи “Нур”сураси 35-ояти тафсирида: “ал-мисбоҳ” (чироқ) сўзидан мақсад илм ва иймон нуридир”, деб таъкидлайди.  

Муаллифнинг бир қитъасида инсон ақли билан кўп нарсага эришиши мумкин, акс ҳолда тубанликка тушиб қолади, деган маъно мужассам. Аллома инсоннинг асосий қуроли билим ва ақл-тафаккур эканини ҳисобга олган ҳолда инсониятни маънавий камолотга чорлайди. Унингча, комил ақл инсониятни ҳар қандай ножўя эҳтирос ва ғафлатдан қутқаради. Инсонга берилган умр ниҳоятда қисқа, у бир оз муддатдан кейин Зуннун (Юнус алайҳиссалом) балиқ қорнига тушгани каби тақдир комига тушиб йўқ бўлади. Шунинг учун ақлни тўғри ишга солиш ва вақтдан унумли фойдаланиш масаласи кўндаланг қўйилган. 

Охирги вақтларда Ибн Сино қаламига мансуб янги қитъа ва рубоийлар аниқланган. Улар орқали алломанинг фалсафий-ижтимоий қарашларидан хабардор бўлиш имкони туғилади. Янги топилган шеърлар билан ҳисоблаганда, Ибн Синонинг форс тилидаги лирик шеърлари 4 та ғазал, 8 та қитъа, 40 та рубоий ва 3 та фарддан иборат. Умумий тарзда муаллифнинг араб тилидаги шеърларидан ташқари 141 байт назмий мероси мавжуд экани аниқланади.  

Ибн Сино шеърларининг мукаммал нашри ҳали чиқмаган. Бу борада изланишлар олиб бориб, шеърий девонини тузиб нашр этиш тадқиқотчилар олдида турган долзарб вазифадир.  

Ибн Сино адабиётшунос, тилшунос олим сифатида  Шарқ шеърияти ва адабиёти ривожига ҳисса қўшиб, рамзий қиссалари билан аллегорик ва рамзий достонлар такомиллашувига сабаб бўлган. У бошқа асарларида ёзган фикр-мулоҳазаларини назм қолипига тушириб, ўқувчини илм ўрганишга чақирган.  

 

Хусрав ҲАМИДОВ,  

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими,  

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

ЎзА