Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тугалланмаган қўшиқ”: Ширин Абдуллаева хотираси ёдга олинди
13:04 / 2026-01-17

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, умидли хонанда Ширин Абдуллаева ёш бўлса-да, мусиқа ихлосмандлари эътиборига тушиб улгурган, самимий, ҳаётга реал қарайдиган, интилувчан инсон эди.

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Ширин Абдуллаева хотирасига бағишланган “Тугалланмаган қўшиқ” номли мусиқий кеча бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир миллий маданиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган ёш ижодкорнинг ижодий меросини ёд этиш ва унинг санъатга бағишланган ҳаёт йўлини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди. Хотира кечаси Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ташаббуси билан ўтказилиб, унда ижод аҳли, санъатшунослар, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда мусиқа ихлосмандлари иштирок этди.

Тадбир давомида Ширин Абдуллаеванинг ҳаёти ва ижодига оид фикрлар билдирилди. Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев томонидан марҳума санъаткор асарларининг яратилиш тарихи ва бадиий аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. 

Шунингдек, унинг асарлари махсус форматланган версияларда ҳамда оркестр ижросида янгради, асарлар асосида тайёрланган видеоклиплар намойиш этилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида марҳума санъаткор ижодига оид қўшиқлар ижро этилди. Кеча давомида ота-онаси, устозлари ва ҳамкасблари томонидан Ширин Абдуллаева ҳаёти, унинг орзу-интилишлари, ибратли фазилатларига оид ёрқин хотиралар ёдга олинди. 

Ширин Абдуллаева 2005 йилда туғилган бўлиб, қисқа умри давомида қўшиқчи ва ижодкор сифатида кенг эътирофга сазовор бўлган. У бир қатор машҳур қўшиқлари билан мухлислар меҳрини қозонган ва халқаро ижодий лойиҳаларда иштирок этган эди. 2023 йилда у санъат соҳасидаги ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган эди. 

Ширин Абдуллаева ўтган йили 19 ёшида бу ёруғ оламни тарк этган бўлса-да, унинг қўшиқлари мухлислар қалбида мангу янграмоқда. 

“Тугалланмаган қўшиқ” хотира кечаси Ширин Абдуллаеванинг миллий санъатда қолдирган ёруғ изи ва унинг ижодий меросига бўлган чуқур эҳтиром рамзи сифатида ўтказилди.

Н.Усмонова, ЎзА