Ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўзига яраша ўрни бўлади. Ўз ўрнини топган одам, у оддий косиб бўлса ҳам қут-барака соҳиби бўла олади.
Ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўзига яраша ўрни бўлади. Ўз ўрнини топган одам, у оддий косиб бўлса ҳам қут-барака соҳиби бўла олади. Ўзига муносиб касб билан шуғулланмаган ёки қўлидан келмайдиган ишга уринган киши эса ҳеч қачон муваффақиятга эриша олмайди.
Ёшларнинг ўқишга кириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларига ҳам шундай баҳо бериш мумкин. Болаликдан илмга чанқоқ, вояга етиши билан ўзининг нимага қодирлигини англаб, муносиб касб танлайдиган, мақсад сари интиладиган ёшлар жуда кўп. Аммо айримлар на ўқишни, на орзу қилишни қойиллатмайди. Ота-онаси нимани хоҳласа, шу томонга оғиб кетаверади. Айнан шундайлар ўқишга кириш борасида ҳам нохолис йўлдан боради, кўпинча. Ота-она эпсиз боласини ўқишга киритиш учун пулини чангаллаб юриб, “чора” қидиради.
Олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари мавсумида ўқиш киритиш “операция”лари кўплаб фош этилаётгани шунинг оқибати.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, куни кеча Қўқонда 3 минг, Шайхонтоҳурда 8 минг АҚШ доллари эвазига фуқароларни ўқишга киритиб қўймоқчи бўлганлар ушланган.
Қўқон давлат педагогика институти ёшлар етакчиси Б.Х. ва факультет декани В.Х. фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида олдиндан тил бириктириб, фуқаро З.С.нинг ишончига кириб унинг таниши А.ни мазкур институтга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг доллар олган. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фош этилган.
Департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими томонидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Ж.П. фуқаро Б.Х.нинг ишончига кириб, унинг ўғлини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 8 минг доллари талаб қилган. Шундан 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Департаментнинг Бешариқ тумани бўлими ҳамда Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.Т. фуқаро Н.У.нинг ишончига кириб, уни танишлари орқали Қўқон давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Жиноятнинг олди олингани яхши, албатта. Бироқ, бундай “операция”лар амалга ошган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Бу уқувсиз талаба, лаёқатсиз кадрлар тимсолида ҳам яққол намоён. Бундай ёшлар нафақат ўз келажагини барбод қилади, балки, таъбир жоиз бўлса, жамиятни оёғидан орқага тортадиган энг тубан тушовга айланади. Ҳаётда шундай ҳолга тушмаслик, айниқса, кераксиз бир тушов бўлмаслик учун ҳар ким ўзига ишониб ҳаракат қилса яхши бўларди.