Туғма юрак нуқсони бор болалар учун хайрия акцияси ўтказилади
Коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазият бутун дунё тиббиётини муҳим синовдан ўтказмоқда.
Коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазият бутун дунё тиббиётини муҳим синовдан ўтказмоқда.
Айни шу ҳолат сабаб барча давлатларда соғлиқни сақлаш соҳасига бўлган эътибор янада кучайди.
Мамлакатимизда ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, бу борада айниқса, болалар кардиохирургиясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Болалар кардиохирургиясига оид дунё статистикасига кўра, янги туғилган чақалоқларнинг 0,8-1,2 фоизи туғма юрак нуқсони билан дунёга келади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бир йилда дунёга келаётган 600 минг чақалоқдан 5-5,5 мингга яқини туғма юрак нуқсони билан туғилади.
Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг туғма юрак нуқсонлари бўлими 50 ўринга мўлжалланган. Ҳар йили ушбу бўлимда 750 нафарга яқин туғма юрак нуқсони бор болаларда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, марказда олтита юрак жарроҳлиги бўлими мавжуд бўлиб, катта ёшдаги беморларда ревматизмдан кейин келиб чиқадиган юрак клапанларини алмаштириш, инфаркт миокарди бўлган касалларни стентлаш ёки очиқ усулда аорто-коронар шунтлаш, шунингдек, жигар ва буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли ўтказилмокда. Қорин бўшлиғида учрайдиган барча хирургик касалларни миниинвазив усуллар билан даволаш йўлга қўйилган.
Мазкур тиббиёт марказидан маълум қилишларича, тиббиёт ходимлари куни муносабати билан марказнинг маслаҳат поликлиникасида жорий йилнинг 2 ноябридан 8 ноябрига қадар барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан туғма юрак нуқсони бор болаларни бепул диагностика қилиш мақсадида хайрия акцияси ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу акция туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган болалар соғлигини тиклаш ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида ўтказилмоқда.