English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўттиз йилда ҳам кадастр қилинмаган уй масаласи бир ҳафтада тайёр бўлди
11:19 / 2019-10-18

Давлат хизматлари агентлигининг фаолият мезонига айланаётган ушбу ибора моҳиятини бундан бир неча йил олдин ҳеч ким тасаввурига сиғдиролмасди.


Давлат хизматлари агентлигининг фаолият мезонига айланаётган ушбу ибора моҳиятини бундан бир неча йил олдин ҳеч ким тасаввурига сиғдиролмасди. 

Бир эслаб кўрайлик, биргина уй-жой олди-сотдиси учун ўндан ортиқ ҳужжат талаб этилар, уларнинг ҳар бири учун уззукун вақт кетарди. Шунга ўхшаш фуқароларнинг кундалик иши тушадиган идоралар олдида узундан-узун навбатлар, сансалорлик ва оворагарчиликлар, бир масалада бир неча идораларга мурожаат қилиш зарурияти каби ортиқча югур-югурлар ҳар қандай киши асабини, умрини эговлаб, қалбида норозилик ҳиссини уйғотарди.

Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди. Халқнинг оғирини енгил қилиш, “давлат — фуқаро” муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ишлаб чиқилди.

Натижада жисмоний ва юридик шахсларга ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши ҳисобига соддалаштиришни назарда тутувчи маъмурий регламентлар тасдиқланиб, амалиётга жорий этилди.

Қурилиши тугалланган иморатни ўз номига расмийлаштириш учун кўп югурган 70 ёшни қоралаган нафақадаги отахон Комилжон Отамирзаев уй-жойига кадастр ҳужжатини давлат хизматлари маркази орқали олиш мумкинлигини эшитиб, ўзида йўқ қувонди. Чунки, одамлар эътироф этаётган хизмат отахоннинг қулоғи ҳам етиб борганди.

Андижон давлат хизматлари марказида Комилжон отани хизмат тамойилига кўра илиқ кутиб олдилар. Марказ мутахассислари томонидан қисқа муддатларда мурожаат қабул қилинди. Отахонга регламент бўйича белгиланган муддатда кадастр ҳужжатлари тайёр бўлиши тушунтирилди.

Регламентга асосан марказ ходими тўлдирилган сўровномани ўша вақтнинг ўзидаёқ тегишли вилоят ер ва кўчмас мулк давлат кадастри туман филиалига юборди. Филиал ходимлари сўровнома келиб тушган кундан бошлаб белгиланган муддатда жойига бориб, объектни ўрганиб чиқди, техник инвентаризациясини амалга оширди ва далолатнома лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлади ва туман қурилиш бўлимига юборди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қурилиш (реконструкция) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш давлат хизматининг маъмурий регламентига асосан ушбу хизмат бўйича мурожаатни кўриб чиқиш муддати 23 кундан 9 иш кунигача қисқартирилган ва ҳужжат айланиши фақат электрон кўринишда амалга оширилиши белгиланиб, туман ва шаҳар ҳокимлигининг ушбу хизмат бўйича қарор қабул қилиши бекор қилинган.

Лавҳамиз қаҳрамони Комилжон ота ҳам мурожаати белгиланган тартибда ўз вақтида кўриб чиқилганидан хурсанд.

– Ишим бир ҳафтада ҳал бўлганини кўриб, ҳайратда қолдим, - дейди Комилжон ота. – Аввалари кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун керак бўлса йиллаб югуришимизга тўғри келарди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган марказ оғиримизни енгил қилаётгани, албатта, барчамизни бирдек қувонтиради.

Бугун Комил Отамирзаев сингари ўз мулкини қонуний расмийлаштириш учун марказга келаётганлар бисёр.

Андижон туман Давлат хизматлари маркази директори Дониёр Қурбоналиевнинг айтишича, 2019 йилнинг 9 ойи давомида марказ томонидан 128 йўналишда 55 минг 507 та хизмат кўрсатилган. Шундан 3 минг 33 таси қурилиши тугалланган якка тартибдаги турар-жойни фойдаланишга қабул қилиш йўналишига тўғри келади. Шу кунга қадар мурожаатларнинг 2951 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 82 таси айрим сабабларга рад қилинган. Энг асосийси бугун марказ хизматидан мамнун фуқаролар талайгина.

Умиджон Мамарасулов,
Давлат хизматлари агентилиги Андижон 
вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари