Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Цзян ЯНЬ: Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам – эпидемия билан курашда ғалаба қозониш учун босиб ўтилиши шарт бўлган йўл
12:31 / 2020-05-08

ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.


ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Унда икки давлат раҳбарлари янги турдаги коронавирус келтириб чиқарадиган пневмония эпидемиясига қарши курашда ҳамкорликни давом эттириш, одатий шароитларда икки давлат алоқаларини мустаҳкамлаш, эпидемиядан кўриладиган талафотларни камайтириш, умумий бўлган халқаро ва ҳудудий муаммолар масаласида фикр алмашдилар ҳамда муҳокама қилинган масалалар бўйича бир келишувга келдилар. Президентлар муҳокама жараёнида асосий эътиборни эпидемияга қарши кураш борасидаги ҳамкорлик эрта бошлангани, ишнинг самарадорлиги икки давлат ҳамкорлигининг янги қирраси эканлигига қаратишди.

Маълумки, 17 апрель куни Хитойдан юборилган 15 нафар мутахассисдан иборат гуруҳ Ўзбекистонга етиб келди. Ишчи гуруҳ таркибида гигиена бошқаруви, анъанавий ва замонавий тиббиёт, юқумли касалликларни профилактика ва назорат қилиш ҳамда беморларни парваришлаш каби йўналишларда нуфузли мутахассислар бор эди. Хитойлик тиббий ходимлар янги турдаги коронавирус келтириб чиқарадиган пневмониянинг олдини олиш, ташҳислаш ва даволаш борасида тўпланган тажрибалар акс этган “Янги турдаги коронавирус келтириб чиқарган пневмония касаллиги ҳақидаги маълумотлар тўплами” ҳамда ўз маърузалари орқали баён қилдилар. Делегация аъзолари маҳаллий ҳамкасбларини эпидемияга қарши курашда интеллектуал қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд ва Фарғона вилоятларида илмий изланишлар, маслаҳатлар ўтказишди, касалликни бошқариш ҳамда даволаш усулларини муҳокама қилишди. Буларнинг бари ўзбекистонликлар томонидан қизғин кутиб олинди. Жиддий вазиятдаги айни ўзаро ҳамкорлик Хитой ва Ўзбекистоннинг кенг қамровли стратегик муносабатлари нечоғли аҳамиятга эга эканини намойиш этди.

Янги турдаги коронавирус келтириб чиқарадиган пневмония – бу инсоният олдида турган мисли кўрилмаган катта синов. Бундай глобал оғир инқироз шароитида Хитой ва Ўзбекистоннинг бирга ҳаракат қилиши, ўзаро ёрдам бериши инсониятнинг умумий тақдирини яратишга ҳисса қўшишнинг яна бир ифодасидир. Хитойда эпидемия билан курашнинг энг муҳим босқичида Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари томонидан Си Цзиньпин Жаноби Олийларига йўлланган ҳамдардлик мактуби, шахсан икки марта Ўзбекистон раҳбари назоратида юборилган инсонпарварлик ёрдами, шунингдек, ўзбекистонликлар, бизга дўст инсонлар бирин-кетин юборилган моддий ёрдамлар, тайёрланган видеороликлар орқали Хитойни қўллаб-қувватлаб турганини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Шу билан бирга, бизнинг ҳукуматимиз ҳам Ўзбекистон эпидемия билан курашаётган пайтда ўз вақтида ёрдам қўлини чўзди. Жумладан, Ўзбекистон учун тестлар, ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратлари, тепловизор, ҳимоя кийимлари каби тиббиёт асбоб-ускуналари, шахсий ҳимоя воситалари юборилди. Хитой Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Цзянсу, Чжэцзян, Аньхой, Хэнань, Синьцзян-уйғур автоном тумани, Шанхай, Цзянси каби провинция ва шаҳарларнинг ўндан ортиқ компаниялари ва оддий хитойликлар Ўзбекистоннинг турли вилоятлари, вазирликларига тест тизими, ИВЛ аппаратлари, юз ниқоблари каби муҳим воситаларни жўнатиб, моддий ёрдам кўрсатди. Шу аснода Хитой ҳукумати эпидемия билан кескин курашда амалий натижага эга чора-тадбирларни қўллаш бўйича тажрибаларини бўлишиб борди, ҳар икки томон мутахассислари қатор видеоконференциялар ўтказишди. Ишчи гуруҳнинг ташрифи эса Ўзбекистон билан тиббий соҳадаги доимий мулоқотни таъминлади, бу гуруҳ “муқим ишлайдиган гуруҳ” мақомини олди. Эпидемияга қарши курашга Хитой ва Ўзбекистон билан бир хил муносабатда. Биз тез орада ўзбекистонлик дўстларимиз билан қўлни-қўлга бериб, офат устидан ғалаба қозонамиз.

Бундай мураккаб вақтда саботли Хитой ва Ўзбекистон халқи Шарқ халқларига хос ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик, вазиятга тўғри баҳо бериш каби аъло сифатларни намоён қила олди. Ўз-ўзини яккалаш борасидаги қатъий чора-тадбирлар жорий этилгандан сўнг Ухань шаҳри аҳолиси ҳеч қандай эътироз ва шикоятларсиз ўзлари англаган ҳолда, ҳаракатланишдаги эркинликлардан воз кечиб бўлса ҳам икки ой мобайнида карантин тартибига амал қилдилар. Бунинг натижасида халқаро ҳамжамият эпидемияга қарши курашда қимматбаҳо вақтни тежади. Худди шундай Ўзбекистон халқи ҳам мамлакат ҳукумати томонидан эълон қилинган чора-тадбирларга доир барча қоидаларга сўзсиз риоя қилди, шарт бўлмаган ҳолларда ташқарига чиқишни чеклади, эпидемиянинг тарқалишини сезиларли даражада камайтирди. Бу борада мамлакат ҳудуддаги бошқа давлатлар ичида етакчилик қилди ва намуна бўла олди.

Шиддат билан кўпаяётган вирус олдида ҳар икки давлат курашувчан эканини кўрсатди. Ғамхўр ўзбекистонликлар дарҳол курашнинг олдинги қаторларида туриш учун рўйхатдан ўтиб, кўнгилли сифатида ишлади, инқирозга қарши фондга ҳисса қўшди, аҳоли ҳаёти хавфсизлигини ҳимоя қилиш ва соғлигини сақлаш учун мустаҳкам устун қўйилди, эпидемия пайтида ҳам одатдагидек кун кечиришни таъминлашга эришилди. Инсон ҳаётига раҳна соладиган вирус қаршисида икки давлатда ҳам кўплаб муҳим “хавф-хатарларга қараб олға борадиган жангчилар” – тиббиёт ходимлари гуруҳлари пайдо бўлдилар. Хитойда турли провинциялардан оғир ҳудудларга ёрдамга келишди ва кўпроқ азият чеккан ҳудудларга ёрдам кўрсатилди. Полиция, илмий ходимлар, кичик туманлар ходимлари постда хизмат қилдилар. Ўзбекистонда ҳам кўпгина ёрдамга шай инсонлар ариза бериб беминнат ёрдам тариқасида кўнгилли ишчи бўлиб ишламоқдалар, Инқирозга қарши курашиш жамғармасига эҳсон қилмоқдалар. Минглаб саховатли кишилар нафақат инсонлар хавфсизлиги ва саломатлигини сақлаб қолиш учун тоғдек суянчиқ бўлиб туришяпти, балки аҳолини эпидемия даврида керакли маҳсулотлар билан ҳам таъминламоқдалар.

Хитойда ҳам Ўзбекистонда ҳам “бошқаларга кўмак бериш – ўзига кўмак бериш” эканлигини яхши биладилар. Хитой олдида ҳали ташқаридан яна кириб келиши мумкин бўлган хавф турганда, шунингдек, ички хавф билан курашиш жараёнида ҳам бошқа юртларга инсонпарварлик юклари ва тиббиёт мутахассислари юбориши, видеоконференциялар ўтказиш билан бошқа халқларни қўллаб-қувватлаши, Ўзбекистон тарафи ҳам қатъият билан эпидемиянинг тарқалишини назоратга олгани, шу аснода Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия каби давлатларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани бунинг яққол далилидир.

Муҳтарам Си Цзиньпин жаноби олийлари аввал таъкидлаганидек: “Вирус чегара билмайди, эпидемия бизнинг умумий душманимиз. Унга қарши барча давлатлар қўлни-қўлга бериб, қатъият билан назоратга олиш, тўхтатиш тўрини яратишимиз керак”. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз навбатида “Ҳеч бир давлат якка ҳолда пандемияга қарши самарали кураша олмайди. Биз бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутишимиз лозим,” дея қайд этган эди. Афсуски, бутун дунёда пандемия шароитида вирусни “сиёсийлаштириш”, масъулиятни бошқалар зиммасига юклаш каби ҳоллар ҳам учраб турибди. “Вирус чегара билмайди, эпидемия миллат танламайди”, “сенда мен бор, менда сен борсан” тамойилларга асосланган “Глобал қишлоқ”да ҳамкорликда ишлабгина хавф ичидаги хавфни бартараф қилишимиз, инқирозни имкониятга айлантиришимиз мумкин. Ўзаро ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлашгина эпидемияга қарши курашда босиб ўтишимиз зарур бўлган тўғри йўл ва кучли қуролимиздир.

“Халқлар бирдамлиги, инсонлар ҳамжиҳатлиги – ҳар қандай қийинчилик устидан қозониладиган ғалабанинг кафолатидир.” Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона бошқаруви ва ўзбек халқининг ҳамжиҳат ҳаракати туфайли Ўзбекистонда эпидемия самарали назоратга олинди. Хитой Ўзбекистон билан бирга эпидемияга қарши ҳамкорликдаги курашни кучайтиради, имкониятлари даражасида ёрдамини аямайди, соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамкорлик имкониятларини оширишга ҳаракат қилади, “Соғлом ипак йўли”ни қуради. Шу билан бирга, Хитой Ўзбекистон билан эпидемияни тамомила тугатиш ва бу борада икки давлат иштирокини таъминлаш учун эпидемия давридан кейинги ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга ва ҳамкорликнинг яхшиланган ва янгиланган асосини мустаҳкамлашга тайёр.

Цзян ЯНЬ,

ХХРнинг Ўзбекистондаги

Фавқулодда ва мухтор элчиси

Манба: “Халқ сўзи” гаетаси