Самарқандда ўтказилаётган “Challenge Samarkand-2025” халқаро мусобақаси доирасида триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада иштирокчилар "Elite" тоифасида 1,9 километр масофага сузиш, 86 километр велосипед пойгаси, 21,5 километрга югуриш беллашувларида маҳоратини кўрсатди.

Ушбу тоифада эркаклар мусобақасида биринчи ўринни Султон Алиев, кейинги ўринларни Алексей Макаров ва Камрон Ҳожиев эгаллади.

Аёллар баҳсида эса самарқандлик Алина Ҳакимова финишга биринчи бўлиб етиб келди. Иккинчи ўринни Ҳайитхон Маннопова, учинчи ўринни Дилнура Холниёзова қўлга киритди.

"Sprint" йўналишида спортчилар 750 метрга сузиш, 19 километр масофада велопойга ва 5 километрга югуриш баҳслари ўтказилди.

Бунда эркаклар беллашувида Азизилло Абдулходиев марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтган бўлса, аёллар ўртасида Шаҳрибону Абсалимовага тенг келадигани топилмади.

Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон триатлон федерацияси томонидан тақдирланди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири