Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.
Амалдаги қонунчиликда транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан ўттиз кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши, зарур ҳолларда мазкур муддат узайтирилиши мумкинлиги белгиланган. Бироқ, қонунда ушбу муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатлар ҳамда узайтирилиши мумкин бўлган муддат чегараси аниқ белгиланмаган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши, зарур ҳолларда мазкур муддат бир ойгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Бундан ташқари, махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатноманинг амал қилиш муддати 30 кундан 90 кунга узайтирилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши логистика тизимини ривожлантириш, транзит ташувлар ҳажмини ошириш ҳамда транспорт соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
***
Мажлис кун тартибидаги навбатдаги ҳужжат —масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.

Таъкидланганидек, амалдаги “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ жамият иштирокчиларининг корпоратив шартномалар тузиш ҳуқуқи, жамиятнинг филиали ва ваколатхоналарини очиш тартиби, жамият иштирокчиларининг ўртасидаги низоли вазиятни ҳал этишнинг муқобил усуллари медиация ёки ҳакамлик суди тартибида ҳал этиш белгиланмаган. Шунингдек, жамият кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ва кузатув кенгаши қарорларини қабул қилиш ҳамда жамиятни бошқарувчи ижро органлари мажбуриятларига доир айрим ҳуқуқий бўшлиқлар ва ноаниқликлар мавжуд.
Мазкур қонун лойиҳасида масъулияти чекланган жамиятларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш, соҳага ривожланган давлатларнинг тажрибасини жорий қилишга оид ҳуқуқий нормалар акс этмоқда. Лойиҳада жамият нафақат лицензия, балки бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар ва хабардор қилиш тартибида фаолият турлари билан шуғулланиши мумкинлиги, шунингдек, жамиятларнинг филиал ва ваколатхоналарини очиш тартиблари белгиланмоқда.
Қолаверса, жамият иштирокчиларига ўз корпоратив ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида корпоратив шартномалар тузиш ҳуқуқи берилмоқда. Жамият иштирокчилари ўртасидаги низоли вазият медиация ёки ҳакамлик суди тартибида ҳам ҳал этилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамият иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамият фаолиятида замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА