Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикасида транзит ташувларини мувофиқлаштирувчи миллий идора этиб белгиланди.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Идоралараро кенгаш Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш учун шаффоф, рақобатбардош муҳитни ривожлантириш мақсадида транзит тартиботлари ва божхона расмийлаштирувини соддалаштириш, модернизация қилиш ҳамда стандартлаштириш билан шуғулланувчи идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.
Идоралараро кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасинииг қарорлари, шунингдек, мазкур Низом асосида ташкил этади.
Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ва функциялари қуйидагилар ҳисобланади:
миллий транспорт коммуникациялари орқали транзит салоҳиятини ошириш ҳамда йўл бўйи инфратузилмасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
республика ҳудуди бўйлаб ўтувчи транзит йўлакларнинг рақобатбардошлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
транзит билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро нормалар ва талабларга мувофиқлаштириш, транзит эркинлиги тамойили асосида транзит тартиботларини соддалаштириш бўйича ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига кўрсатма бериш;
Жаҳон божхона ташкилоти тавсияларига мувофиқ транзит тартиб-таомилларини такомиллаштириш, транзит йўриқномаларини тасдиқлаш ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда, давлат идораларининг транзит йўналишидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатларнинг транзит ташувлари билан боғлиқ бўлган мурожаатлари, таклифлари ва сўровномаларини кўриб чиқиш ва аъзо давлатларни Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган транзит тартиботлари тўғрисида хабардор этиб бориш.
Маълумот учун, олдинроқ, Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо тартиботларини соддалаштириш тўғрисидаги битими қоидаларига мувофиқлаштириш мақсадида:
Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги битимининг 11 - моддасида ҳар бир аъзо давлат транзит ташувларини мувофиқлаштирувчи миллий идорани тайинлаши назарда тутилган;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси транзит салохиятини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилган эди.
ЎзА