Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Транспорт хизмати кўрсатиш жараёнидаги қонунбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилди
09:57 / 2026-02-11

Дунё бўйлаб миграция жараёнлари тобора фаоллашиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам нафақат хизмат, балки туристик саёҳат ривожланиб бораётгани йўловчилар ва юкларни манзилига хавфсиз етказишни тақозо қилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 5 февраль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган. 

Қонунни қабул қилиш зарурати ва унинг муҳим жиҳатлари ҳақида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов гапириб берди: 

– Транспортда хизматлар кўрсатиш жараёнининг узлуксиз, сифатли ва барқарор бўлишини таъминлаш жуда муҳим. Зотан, 2024 йилда метрополитенда 270 миллион, йўловчи поездларда 10 миллиондан зиёд, шунингдек, автомобиль транспортида 8 миллиард нафардан ортиқ йўловчи ташилган. 2025 йилда эса биргина темир йўллар орқали 10,9 миллион нафар йўловчи ташилган. Бошқа транспорт тизимидаги рақамлар ҳам кам эмас. 

Бундай кенг кўламли жараёнда хавфсизлик қандай таъминланмоқда, деган савол туғилиши табиий.  

Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда 2024 йилда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ 130 ҳодиса содир бўлган. Оқибатда ҳаракатдаги таркиб ва темир йўл инфратузилмасига қарийб 4 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Автомобиль йўлларининг тартибга солинмаган темир йўл кесишмаларида поездлар ҳамда автотранспорт воситалари иштирокида 2024 йилда 38 йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 11 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Бунга Транспорт назорати инспекцияси томонидан темир йўл ташишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича камчиликлар ва ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, масъулларга чора кўра олмаслиги, яъни фақатгина кўрсатма бериш ҳуқуқига эга бўлгани ҳам сабаб бўлиб келаётган эди. Чунки, масъул ходимлар ўз мажбуриятларини бажармаса ҳам ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаётгани масъулиятнинг пасайишига олиб келган. Бу эса, лоқайдлик, қоида ва талаблар сурункали равишда бузилишига йўл очиб берган.

Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 113-1-модда билан тўлдирилди. Эндиликда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларни бузганлик учун мансабдор шахслар ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солинади. 

Амалдаги қонунчиликда шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташишни амалга ошираётган автобусларда тахограф (назорат қурилмаси) ўрнатилган. Бу қурилма ҳайдовчиларнинг иш вақти, дам олиш вақти, тезлик ва масофани ёзиб боради.  Қурилмани ўчирган холда автомобиль бошқарганлик учун жавобгарлик мавжуд. Бироқ, ушбу қурилмадаги маълумотларга асосан ҳайдовчининг меҳнат ва дам олиш режимига бўйсунмагани юзасидан жавобгарлик белгиланмаган эди.

Ҳайдовчилар меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмагани сабабли йўлларда ухлаб қолиш ҳолатлари кузатилган. Оқибатда 2024 йилда содир этилган 351 йўл-транспорт ҳодисасида 189 нафар инсон ҳалок бўлган, 285 нафари эса жароҳатланган.

Қонун билан халқаро ва шаҳарлараро автомобиль ташувларини амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Эндиликда бундай ҳолат базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. 

Шу билан бирга, ҳайдовчининг иш вақти давомийлиги 9 соатдан ортиқ ёки йўналиш масофаси 400 км ва ундан ортиқ масофага йўловчи ва юкларни ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режими Транспорт назорати инспекцияси томонидан назорат қилиб борилади. 

Қонун билан бир хил тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун ҳар хил миқдорда жарима қўлланилишининг олдини олиш, ҳуқуқбузарларнинг қонун олдида тенглигини таъминлашга оид меъёрлар белгиланди. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 145, 146-1, 176-4-моддаларида, яъни йўловчиларни чиптасиз ташиганлик, ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганлик учун жариманинг аниқ миқдори белгиланди. 

Қонун транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ташувлар самарадорлиги ва сифатини оширишга хизмат қилади. Муҳими, бу жараёнда хавфсизлик таъминланади. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2026 йил 10 майдан кучга киради. 

Норгул Абдураимова, ЎзА