Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларини ижарага бериш фаолияти кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Унга кўра, ҳукуматнинг 2018 йил 14 декабрдаги 275-сонли қарори билан тасдиқланган Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди иккинчи хатбошисида «жисмоний» сўзидан кейин «ёки юридик» сўзлари билан тўлдирилади.
Бу олдинлари фақат жисмоний шахслар ижарадан фойдаланган бўлса, энди юридик шахслар ҳам фойдаланиш имконига эга бўлади, дегани. 4-банднинг иккинчи хатбошиси «паспорт» сўзидан кейин “ ёки идентификация ID-картаси» сўзлари қўшилади. Яъни ижарага берувчи, зарурат бўлганда, юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олади.
Ижарага берувчи унга шахсий мулк сифатида ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида тегишли бўлган, техник соз, видеорегистраторлар ва GPS навигаторлар билан жиҳозланган, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтган ҳамда Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган талабларга мувофиқ махсус таниқлик белгига эга бўлган транспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериши мумкин. Ижара берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
жисмоний шахсда алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсиридаги ёки ўзгача тарздаги мастлик белгилари аниқ кўриниб турганда, у билан шартнома тузишни рад этиш;
шартномада белгиланган шартлар асосида транспорт воситасига етказилган ва ижарачи томонидан қоплашни талаб этадиган зарарни, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун тўловларни амалга ошириш кафолати сифатида хизмат қиладиган гаров депозитини тўлашни талаб этиш;
мурожаат қилиш орқали Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимида шахсий кабинет очиш;
«Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимидаги шахсий кабинет орқали ижарага берилган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжудлигини аниқлаш;
қўшимча хизматлар, масалан, (бола учун махсус ўриндиқ, навигатор, қўшимча суғурта, йирик тўхташ жойларида алоҳида жой ажратиш ва бошқалар) кўрсатишиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, қарорда ижара фаолияти билан боғлиқ кўпгина муаммолар ўз ечимини топган.
ЎзА