French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда ҳимоя кучайди, тизим замон талабига мослашди
11:39 / 2025-12-24

Сўнгги йилларда мамлакатимизда транспорт воситалари сонининг кескин ортиши, автомобилларнинг техник ва бозор қиймати ошиб бораётгани, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ зарарлар ҳажмининг кенгайиши «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш» тизимини қайта кўриб чиқишни тақозо этди. Ана шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июльдаги 458-сон қарори билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ТВEФЖС) бўйича муҳим ўзгаришлар белгиланди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб мажбурий суғурта суммаси амалдаги 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмгача оширилади. Бу ўзгариш йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида жабрланган шахсларнинг мол-мулки, ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашда анча кенг имкониятларни яратади.

2019 йилдан буён амал қилиб келган тартибга кўра, енгил автотранспорт воситалари эгалари учун (ТВEФЖС) суғурта полиси ҳудуд ва рухсат этилган ҳайдовчилар сонига қараб йиллик 40 минг сўмдан 168 минг сўмгача бўлган суғурта мукофоти асосида расмийлаштирилган. Бунда максимал суғурта суммаси 40 миллион сўмни ташкил этиб, унинг 35 фоизи мол-мулкка, 65 фоизи эса жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашга йўналтирилган эди.

Бироқ иқтисодий ўсиш, эҳтиёт қисмлар ва тиббий хизматлар нархининг ошиши шароитида ушбу лимитлар амалиётда кўпинча етарли бўлмай қолди. Айниқса, қиммат автомобиллар иштирокидаги ЙТҲларда ёки бир нечта жабрланувчи мавжуд бўлган ҳолатларда суғурта тўловлари реал зарарни тўлиқ қоплай олмас эди.

Янги қарорга асосан, суғурта суммаси 80 миллион сўм этиб белгиланди. Унинг 35 фоизи (28 миллион сўм) мол-мулкка етказилган зарар учун, 65 фоизи (52 миллион сўм) эса фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун йўналтирилади. Бу эса жабрланган шахслар манфаатларининг янада ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, суғурта мукофоти миқдори ҳам қайта кўриб чиқилди. Эндиликда мажбурий суғурта полиси учун тўлов ҳудуд ва ҳайдовчилар сонига қараб 160 минг сўмдан 192 минг сўмгача этиб белгиланди. Ушбу тарифлар бозор шароити, хавф даражаси ва реал зарар эҳтимоли асосида шакллантирилган.

Аҳоли орасида суғурта мукофотларининг оширилиши бўйича саволлар пайдо бўлиши табиий. Бунинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат:

• транспорт воситалари ва аҳоли сонининг ошиб бориши;

• замонавий ва қиммат автомобиллар улушининг кўпайиши;

• эҳтиёт қисмлар, таъмирлаш ва тиббий хизматлар нархининг сезиларли ошиши;

• йўл-транспорт ҳодисалари оқибатидаги зарар ҳажмининг кенгайиши.

Суғурта тизими ушбу омилларни инобатга олган ҳолда иқтисодий жиҳатдан асосланган ҳисоб-китоблар асосида қайта шакллантирилди.

Янги тартиб фақат молиявий кўрсаткичлар билан чекланиб қолмайди. Эндиликда мажбурий суғурта тизимида ягона электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилади. Давлат органлари, суғурта компаниялари ва бошқа масъул тузилмалар ўртасидаги маълумотлар алмашинуви автоматлаштирилади.

Шунингдек, суғурта жамғармаси нафақат тўловларни амалга оширади, балки ЙТҲ билан боғлиқ ҳуқуқий маслаҳатлар, техник ёрдам ҳамда профессионал аджастер хизматларини ҳам тақдим этади. Бу эса жабрланган шахсларга тезкор ва адолатли ёрдам кўрсатиш имконини яратади.

Қабул қилинган ўзгаришлар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимини бугунги иқтисодий ва ижтимоий шароитга мослаштиришга қаратилган. Суғурта суммасининг оширилиши фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини кучайтирса, ягона электрон тизимлар орқали бошқарувнинг жорий этилиши суғурта бозорида ишонч ва шаффофликни мустаҳкамлайди.

Натижада ҳар бир ҳайдовчи ва транспорт воситаси эгаси ўз суғурта полиси орқали янада юқори даражадаги молиявий ҳимояга эга бўлади, жабрланган томон эса зарар қопламасини реал эҳтиёжларига мос миқдорда олиш имкониятига эга бўлади.

Элёр Боймирзаев, ЎзА