Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Транспорт соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар ўз самарасини бердими?
17:26 / 2024-01-22

Маълумки, транспорт қулайликлари мамлакат ривожини кўрсатувчи ва буни таъминловчи омиллардан бири ҳисобланади. Юртимизда соҳа инфратузилмаси янгиланиб, шароитлар кенгайтирилаётгани ўз натижаларини бермоқда.

Хусусан, авиация бозори эркинлашгани ҳисобига сўнгги йилда Ўзбекистонга парвозларни амалга ошираётган авиакомпаниялар сони 2 бараварга ўсган. Автомобиль транспортида йўловчи ташувлари 46,9 триллион сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 105 фоизга етди. Темир йўл транспортида – 9,9 триллион, ҳаво транспортида йўловчи ташувлари – 15,8 триллион сўмни (113,7 фоиз)ни ташкил этади. Инвестиция лойиҳалари бўйича ўтган йилнинг якуни билан жами 1 миллиард 15,1 миллион доллар ўзлаштирилган. Бу 2022 йилга нисбатан 108,1 фоизга кўп.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо юклари, яъни экспорт ва импорт 4 та асосий халқаро транспорт йўналишларида ташилмоқда. Жумладан, Жанубий йўналишда (Ўзбекистон – Туркманистон/Афғонистон – Эрон портлари, Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон портлари) жами юкларнинг 4,3 фоизидан иборат. Қўшни давлатларга жами юкларнинг 56 фоизи тўғри келади. Транспорт хизматлари экспорти 1 миллиард 585,7 миллион долларни ташкил этди. Темир йўл, ҳаво ва автомобиль транспорти хизматлари 72,6 триллион сўмни, яъни 107,5 фоизни ташкил этади.

Таҳлилларга кўра, ўтган йил якуни билан жами юк ҳажми 1 397,0 миллион тоннага етган. Бу ўтган йилга нисбатан 102,9 фоизга ошган. Юк айланмаси 46,7 миллиард тонна-км. ни ҳамда барча транспорт турларида ташилган йўловчи сони 6,4 миллиард кишини ташкил этган. Халқаро йўналишларда юк ташувлари ҳажми 59,2 миллион тоннани ташкил этади.

Ўтган йилда 56 та йўловчи ташиш йўналиши ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 46 та автобус ва 55 та йўналишли такси, жами 101 та янги йўналиш ташкил этилди. Ўтган йилнинг якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси резидент авиакомпаниялари томонидан 74 мингта авиақатновлар амалга оширилди. Резидент авиакомпаниялар томонидан ҳисобот даврида жами 6 646,7 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилди. Бу 2022 йилга нисбатан 1 411,4 минг нафар йўловчига ёки 27 фоизга кўп. 2022 йил 1 январь ҳолатига миллий авиaция парки ҳаво кемалари сони 47 тани ташкил этган бўлса, 2023 йил давомида яна 26 та қўшимча ҳаво кемалари олиб келинди ва ҳаво кемалари сони 73 тага етказилди.

Республикамизда фаолият юритаётган резидент ва хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилаётган авиақатновлар сони ҳафтасига 1498 тага етказилди.

Бундан ташқари, Тошкент халқаро аэропортидан учаётган йўловчилар учун “Fast Track” хизмати жорий этилди. “Fast Track” хизмати йўловчиларга рейсга рўйхатдан, божхона ва паспорт назоратидан, шунингдек, парвоз олдидан хавфсизлик текширувидан навбатларсиз ўтиш имконини беради.

Транспорт-логистика хизматлари ва йўловчиларни ташишда нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида катта салоҳиятга эга “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг ўрни беқиёс. Темир йўл транспорти соҳасида ўтган бир йилда салмоқли ўзгаришлар рўй берди. Мисол учун, ўтган йилда “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ томонидан 10 та замонавий йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилди ҳамда 81 та йўловчи вагон, шу жумладан – 47 та вагон капитал таъмирланди, 34 та вагон модернизaция қилинди. 

Ҳозирги кунда режавий таъмирдан ўтказилган ҳамда модернизaция қилинган йўловчи вагонлар ҳисобидан “Тошкент – Бухоро – Хива”, “Тошкент – Бухоро – Қўнғирот” ва “Тошкент – Самарқанд – Термиз” йўналишларидаги йўловчи поездлар таркиби ҳамда бошқа йўналишларда ҳаракатланувчи поездлар босқичма-босқич тўлдирилмоқда. Шунингдек, 515 та янги юк вагонлари ишлаб чиқарилди.

“Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метрополитени линияси қурилиши” лойиҳасининг II-босқичида узунлиги 7,74 км “Қўйлиқ-Қурувчилар” участкасида 5 та бекатда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, 2023 йилнинг 22 апрель куни йўловчиларга фойдаланиш учун топширилди ва метрополитеннинг умумий узунлиги 73,05 км га етди. “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метрополитени линияси қурилиши” лойиҳасининг II-босқичида узунлиги 3,8 км “Қурувчилар-Қипчоқ” участкасида ҳамда 2 та бекатда қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилиб, метро бекатлари қурилиш ишлари якунланди. 

Шу ўринда, аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва ҳаракат таркибини замонавий, экологик тоза автобуслар билан янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганини қайд этиш жоиз.

Барчага маълум, Тошкент шаҳри Марказий Осиёдаги энг йирик мегаполис. Аҳоли сони тез ўсяпти, йилига ўртача 100 мингга ошмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда пойтахтимизда 5 миллион аҳоли бўлиб, шундан 3 миллиондан ортиғи доимий истиқомат қилувчилардир. Шаҳримизга келиб-кетувчилар ҳам кўп. Одамларнинг аксарияти доимий ҳаракатланишда жамоат транспортидан фойдаланишни афзал кўради. Мавжуд талабни қондириш зарурати эса кўпроқ автобус ва йўналишларга эҳтиёж туғдиради. Яъни, жамоат транспортини ривожлантириш орқали аҳолининг улардан фойдаланиш кўрсаткичини ошириб, тирбандликларни қисқартириш, экологик хавфсизликни таъминлашга эришиш мумкин.

Шу мақсадда юртимизда жамоат транспортининг асосий қисми бўлган автобуслар ҳаракати ҳолатини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбир ва дастурлар амалга оширилмоқда. Автобуслар паркини янгилаш, транспорт-инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ишлари параллел тарзда олиб бориляпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 октябрдаги “Ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан норентабель йўналишларда ишлаётган ташувчиларга 2021 йилда 51,1 миллион, 2022 йилда 8,5 миллиард ва 2023 йилнинг ўтган даврида 12,1 миллиард сўм субсидиялар берилди. Бунинг натижасида ҳудудларда янги йўналишлар сеткаси ишлаб чиқилди. Қишлоқдан – туман марказига ва туман марказидан – вилоят марказига принципи асосида йўналишлар қайта кўриб чиқилди, норентабель йўналишларни субсидиялаш тизими орқали жамоат транспорти етиб бормаган қўшимча 1081 фуқаролар йиғинларига жамоат транспорти қўйилди.

Республика шаҳарларида жамоат транспорти ва транспорт инфратузилмасини илмий асосланган ҳолда ривожлантириш, яқин, ўрта ва узоқ муддатли стратегиялар ҳамда манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун шаҳарларнинг Транспорт мастер режалари ишлаб чиқилмоқда. Шу мақсадда 5 та олий таълим муассасалари билан жами 18,4 миллиард сўмлик шартномалар тузилди.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг Транспорт мастер режалари ишлаб чиқилди. Натижада Тошкент шаҳри бўйича 167 та йўналишдан иборат янги йўналишлар тармоғи шакллантирилди. Мазкур йўналишлар брутто-шартнома тизими асосида йўлга қўйилди. Мазкур йўналишлар 2024 йил январь ойидан брутто-шартнома тизими асосида иш бошлади. Натижада, аҳолининг жамоат транспорти билан таъминланганлик даражаси 20 фоизга ортади, атмосферага чиқарилаётган зарарли газларнинг миқдори йилига 748 тоннага камаяди, автобуслар оралиқ интервали икки баробарга қисқариб, ўртача 10-15 дақиқани ташкил этади. 

Дастур асосида диспетчерлик хизматлари 2024 йилдан барча шаҳарларда ташкил қилиниши белгиланган. Жамоат транспортининг жозибадорлигини янада ошириш мақсадида рақамлаштириш босқичида автоматлаштирилган тўлов тизими (АТТО) жорий этилди.

Ҳозирда Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Наманган, Зарафшон ва Урганч шаҳарларида бу тизим жорий қилинган бўлиб, жами 8 минг 419 та валидатор ўрнатилган. Шунингдек, барча шаҳарлардаги мавжуд ва янгидан сотиб олинадиган автобусларни қамраб олиш учун 3 минг 336 та валидатор олиб келиш чоралари кўрилган. Бундан ташқари, ҳудудларда валидаторларга сервис хизмати кўрсатувчи бўлимларни ташкил этиш ҳамда ҳар бир вилоятда ишдан чиққан валидаторларни оператив алмаштириш учун валидаторлар захирасини яратиш белгилаб олинган.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан автобусда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи ташувчилар билан ҳисоб-китоблар «босиб ўтилган йўл» ва «сифат» мезонлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга ошириши белгиланди. Йўлкира ҳақи тушумлари ваколатли давлат органи тасарруфига ўтказилган ҳолда кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиётини бекор қилиш, ҳудудларнинг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Транспорт мастер режаси ишлаб чиқилди. Барча шаҳарларда автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизимини ташкил этиш, ташувчилар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун махсус жамғармалар ташкил этиш белгиланган.

Автобусларга қўйиладиган минимал ижтимоий стандартлар ишлаб чиқилди. Брутто-шартнома тизими асосида 174 та янги йўналишлар тармоғи бўйича электрон тендер танловлари ўтказилиб, брутто тизимида хизмат кўрсатиш учун тендер ғолиби билан шартномалар тузилди. Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида - 2024 йил 1 январдан бошлаб, Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида 2024 йил 1 июндан бошлаб босқичма-босқич ишга тушириш белгиланган.

Жамоат транспортида кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш, тўловлар шаффофлигини таъминлаш, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш ва автоматлаштирилган тўлов тизимини ривожлантириш мақсадида 2023 йил 1 ноябрдан Тошкент шаҳрида аҳоли учун қулай бўлган янги тарифлар жорий этилди. 

Таҳлилларга кўра, юқоридаги тадбирларни амалга ошириш натижасида Тошкент шаҳри автобус йўналишларида ҳаракатланаётган йўловчилар сони бир кунда 1 миллион йўловчидан ошди. Ўзбекистонда бир йўловчи қатнови – 2 000 сўм этиб, электрон тўлов тизими (АТТО ва Банк карталари) орқали тўловлар амалга оширилганда 1 700 сўм ундирилиши белгиланди. 

Шу билан бирга, Транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф рeжалари тасдиқланди. Унга кўра, бир соат ичида иккинчи автобусдан фойдаланиш 700 сўм, бир соат давомида учинчи ва тўртинчи автобусдан фойдаланиш эса мутлақо бепул этиб белгиланди. Шунингдек, бир соат давомида йўловчилар метрода иккинчи, учинчи ва тўртинчи маротаба ҳаракатланиши эса 1 100 сўм этиб белгиланди. Интерактив давлат хизматлари портали орқали бугунги кун ҳолатига 6 минг 132 та фуқарога имтиёзли транспорт карталари расмийлаштирилди. 

Яна бир маълумот, ўтган йил бошида Тошкент шаҳрида 186,6 километр автобус йўлаклари ташкил этиш белгилаб олинган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан 2025 йилгача пойтахт кўчаларида жамоат транспорти доимий ҳаракатланадиган умумий узунлиги 475 километр бўлган 36 та алоҳида автобус йўлаклари пайдо бўлади. “Яшил шаҳар” транспорт йўлагини барпо этиш ҳам кўзда тутилган. Бу бўйича Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Тошкент — кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” лойиҳаси тайёрланиб, тақдимоти ўтказилди.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, “Яшил транспорт” йўлаги пойтахтимизнинг Шота Руставели кўчасида жорий этилади. Лойиҳанинг концепт-дизайни, математик модели ва техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Лойиҳага кўра, мазкур йўлак жорий этилиши натижасида йўлак бўйлаб автотранспортнинг ўртача тезлиги 11 фоиз ошиши, атмосфера ҳавоси ифлосланиши 12,3 фоиз қисқаришига эришилиши ҳисоблаб чиқилган. Сабаби унда асосан электробуслар ҳаракатланади. Қолаверса, алоҳида велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар ташкил этилади. Лойиҳани ишлаб чиқишда йўловчи ва аҳоли фикри ўрганилиб, ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар, болалар ва аёлларнинг жамоат транспорти инфратузилмасига эҳтиёжи инобатга олинди. 

Ўрганишларга кўра, бир кунда йўлак бўйлаб автобусда ҳаракатланадиган барча йўловчилар ҳамда шахсий транспорт эгаларининг тежалган умумий вақти 3 318 соатни, тежалган ёқилғи йилига 2,6 миллион литрни ташкил этиб, йилига 21,2 миллиард сўм иқтисодий самарага олиб келади. Лойиҳанинг яна бир янгилиги, “яшил транспорт” коридорида айрим автобус бекатлари кўчанинг ён қисмида эмас, балки марказида жойлашади. Бунда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир бекатдаги светофор, пиёдалар ўтиш йўлаклари тегишлича тартибга солинади. Ушбу йўлак орқали ҳаракатланадиган автобус йўналишларидан бошланишига кунига 70 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланиши ҳисоб-китоб қилинган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА