Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Транспорт назорати инспекцияси ходимлари 2 мингдан зиёд дарахт кўчатларини ўтқазди 
16:58 / 2024-12-10

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Транспорт назорати инспекцияси марказий аппарати ва ҳудудий бўлимлари ходимлари дарахт кўчатлари ўтқазишда фаол иштирок этди.

Транспорт назорати инспекцияси марказий аппарати ва ҳудудий бўлимлари ходимлари томонидан 2000 дан зиёд кўчат ўтқазилди. Бу жараён мунтазам давом этади. Шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, кўчатларни суғориш, парваришлаш ишлари ҳам олиб борилади. 

Экилган кўчатларни келгусида томчилатиб суғориш, турли хил зараркунанда ҳашаротлардан ҳимоялаш ишларини бажариш режалаштирилди. 

Бугун нафақат юртимиз, балки бутун дунёда экологик номутаносибликлар кучайиб, глобал муаммолар кенг кўлам ҳосил қилмоқда. Ҳавонинг ифлосланиши, сувнинг камайиши, озиқ-овқат танқислиги, ер ва тупроқ унумдорлигининг пасайиши — буларнинг барчаси инсоният ҳаётига хавф-хатар солувчи қатор жумбоқли саволлар уйғотмоқда. 

Ён-атрофни экологик тоза ва яшаш учун рисоладагидек яшнаб турган фойдали ҳудудга айлантириш барчамизнинг инсоний бурчимиз. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига катта аҳамият қаратилмоқда. 

Жумладан, А380 йўли атрофида манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Тадбир давомида ноқулай об-ҳаво шароити ва сувсизликка чидамли бўлган акация, иҳота, терак ҳамда тут дарахти кўчатлари экилди. 

Амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ҳудудлар қиёфасини яхшилаш, табиатни асраш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятли. 

Ш.Маматуропова, ЎзА