English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Транспорт муҳандислиги таълимида инновацион тажриба ўрганилмоқда
17:21 / 2026-01-07

Тошкент автомобиль ва йўллар техникуми профессор-ўқитувчилари учун “Транспорт воситалари муҳандислигининг долзарб муаммолари ва замонавий ютуқлари” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда таълим жараёнида назарий билимлар билан бир қаторда, амалий тажрибани уйғунлаштириш, шунингдек, инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш масалалари таҳлилига алоҳида урғу берилди.

Транспорт муҳандислиги соҳаси бугунги кунда долзарб йўналишлардан. Шу сабабли, электромобиллар технологияси, уларнинг техник имкониятлари, қўлланилиш соҳалари ва турлари, шу билан бирга, мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари муҳим ҳисобланади. Шунингдек, электромобилларнинг асосий таркибий қисмлари, аккумулятор тизимлари, энергия манбалари ушбу соҳада ривожланиш истиқболларини белгилайди.

Шундан келиб чиқиб, тадбир жараёнида замонавий транспорт технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш, энергия тежамкор ечимлардан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таълим муассасаларида айнан шу каби амалий-маърифий тадбирларни ўтказиш талабалар ва ўқитувчиларнинг замонавий билимларга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларни соҳадаги янгиликлар билан мунтазам таништириб боришда муҳим экани таъкидланди.

Семинар интерактив форматда ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди. Шу билан бирга, амалий тажриба алмашиш, ўқув жараёнида қўлланилаётган илғор услублар юзасидан фикр алмашиш имконияти яратилди. Бу эса профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, фан ва таълим ўртасидаги боғлиқликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Мазкур ҳамкорликдаги маҳорат дарси олий таълим муассасалари ва техникумлар ўртасида илмий-услубий алоқаларни ривожлантириш, транспорт соҳаси учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ҳамда таълим тизимига инновацион тажриба ва замонавий билимларни изчил жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА