Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Транспорт-логистика марказлари фаолияти ва транзит йўлакларини ривожлантириш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Транспорт-логистика марказларини замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозлашга доир намунавий талаблар;
Транспорт-логистика марказлари рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида транзит ҳаракатланиш учун мўлжалланган йўлакларнинг рўйхати;
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб темир йўл транспортида транзит ҳаракатланиш учун мўлжалланган йўлакларнинг рўйхати тасдиқланди.
2025 йил 1 декабрга қадар тасдиқланган талаблардан келиб чиқиб, республикадаги мавжуд транспорт-логистика марказлари хатловдан ўтказилади ва уларнинг реестри юритилиши йўлга қўйилади.
Замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозлашга доир намунавий талабларга жавоб берадиган халқаро транспорт-логистика марказларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океан иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг “Қуруқлик портлари” тўғрисидаги ҳукуматлараро битими (Бангкок, 2013 йил 1 май) рўйхатига қўшиш чоралари кўрилади.
Уч ой муддатда тегишли маълумотлар “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Транспорт вазирлигининг “Uztrans” ягона интерактив ахборот тизимига интеграция қилинади.
ЎзА