English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Трансплантологияга бўлган эҳтиёж, афсуски, ортиб бормоқда
16:51 / 2021-09-23

Айни кунларда “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳи вакиллари ҳудудларда бўлиб, унинг мазмуни ва аҳамиятини кенг тушунтиришмоқда, аҳоли ва мутахассислардан таклиф-мулоҳазалар олиняпти.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда ҳам ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, унда белгиланаётган нормалар ҳақида маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши трансплантация билан боғлиқ тиббий муолажалар кўлами ортишига ва сифат жиҳатдан юксалишига, беморларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топилишига хизмат қилади. Шу боис, қонун лойиҳасини соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик, беморлар билан ҳам атрофлича муҳокама қилиб, уларнинг таклифларини олган ҳолда такомиллаштириш халқчил, пухта ва пишиқ қонун яратилишида муҳим аҳамият касб этади.

– “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси аҳоли билан кенг муҳокама қилиниб, ундаги бўшлиқлар тўлдирилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова. – Чунки кейинги пайтларда трансплантологияга бўлган эҳтиёж, афсуски, ортиб бормоқда. Ушбу амалиёт ўзимизда ҳам кенг жорий этилаётгани кўплаб беморлар ва уларнинг яқинларига қулайлик яратади. Бу эса соҳанинг ҳуқуқий асосларини ҳам мукаммал қилиб яратиш ва амалиётга татбиқ этишни тақозо этади. Шу маънода мазкур қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик билан қизғин муҳокама қилинмоқда. Беморлар, соҳа вакиллари дуч келаётган муаммолар ўрганилиб, шу асосида лойиҳани янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрланмоқда.

Тадбир давомида ишчи гуруҳи томонидан қонун лойиҳаси ҳамда мамлакатимизда трансплантологияни ривожлантириш бўйича жамоатчилик вакиллари муносабатини ўрганиш юзасидан аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилди. Унда 500 га яқин респондентлар иштирок этди.

Йиғилиш иштирокчилари қонун лойиҳасининг айрим моддаларига таклифлар бериб, уни қабул қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлашди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА