Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Трансплантацияга оид қонунни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси қандай бажарилмоқда? 
12:56 / 2024-10-04

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси ҳолати муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. 

Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тартибини белгилаш вазифасининг ижросини таъминлаш бўйича “Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор буйруқлар қабул қилинган. 

Республика тиббиёт муассасаларига донор ва реципиентларни трансплантация амалиётига тайёрлаш учун иммуногенетик анализатор ва реагентлар таъминланган. 

Мажлисда сенаторлар томонидан қонунни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган айрим вазифалар бажарилмаганига ҳам эътибор қаратилди. 

Жумладан, ҳудудларда донор ва реципиентларни трансплантацияга тайёрлаш ҳамда ундан кейинги даволанишни ва кузатувни олиб борадиган масъул шахс ва тиббий психолог учун иш ставкаси ажратилмаган. Ҳудудларда донор ва реципиентларни трансплантацияга тайёрлаш ҳамда ундан кейинги даволаниши учун амалдаги ўринлар доирасида шифо-ўринлар (койкалар) (камида – 10 та) бюджет ҳисобидан ажратиш масаласи ҳал қилинмаган. 

Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан махсус амалиёт комплекс биносини қуриш ва жиҳозлаш ишлари якунига етказилмаган. 

Шунингдек, олий тиббий таълим муассасалари талабаларига мурда билан ишлашга рухсат бериш бўйича аниқ чоралар белгиланмаган. 

Инсон аъзолари трансплантацияси соҳасини такомиллаштириш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари ҳам эшитилди. Сенаторлар томонидан соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. 

Қўмита аъзолари, экспертлар, маҳаллий кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари раислари, вазирлик, идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. 

Н.Абдураимова, ЎзА