Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Транскаспий транспорт йўлаги – Ўзбекистон учун стратегик имконият
16:54 / 2025-11-27

Бугун Тошкентда Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форуми бўлиб ўтди.

Унда Европа Иттифоқи, Қора денгиз ва Марказий Осиё мамлакатлари масъуллари, экспертлар, мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела, Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос ва бошқалар Транскаспий транспорт йўлаги бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган йирик инфратузилма ташаббусларидан бирига айлангани таъкидлади. Ушбу йўлак Ўзбекистоннинг транзит-логистика салоҳиятини ошириш, мамлакатни Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим халқаро транспорт марказига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларида асосий ўрин тутади.

Айтиш жоизки, мазкур форум ўтган йил январь ойида Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт боғлиқлиги бўйича биринчи Инвесторлар форумида бошланган умумий саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми. Унинг мақсади Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш доирасида йирик инвестиция ташаббусларини илгари суришни жадаллаштириш ва аниқ шартномалар тузиш учун шарт-шароитларни шакллантиришдан иборат.

Форумда мутахассислар таъкидлаганидек, Транскаспий йўлаги Европа Иттифоқининг минтақадаги “Global Gateway” инвестиция стратегиясининг асосий ташаббуси ҳисобланади. Бугунги кунда Транскаспий йўлаги Хитой, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларини Европа билан боғлайдиган асосий йўналишлардан бири сифатида шаклланяпти. 2030 йилга бориб "Ўрта йўлак" орқали ташиладиган юклар ҳажми йиллик 10-11 миллион тоннага етиши кутилмоқда.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан бири ҳам мамлакатнинг транзит-логистика салоҳиятини кескин оширишдан иборат.

–Шу мақсадда республика ва хориж ҳудудларида қўшни давлатлар билан йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бугун бу йўналишда бир қатор муҳим фикрлар билдирилди. Улар орасида марказий коридордан фойдаланиш масаласи алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ҳозирги вақтда у Ўзбекистон учун асосий халқаро йўл ҳисобланади. Ушбу ташаббуслар темир йўл инфратузилмасини кенгайтириш ва замонавийлаштириш доирасида амалга оширилмоқда. Жумладан, Транссибирь йўли билан боғланиш йўналишида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу эса мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар ривожи билан ҳамоҳанг равишда кечмоқда. Бундай ҳаракатлар қўшимча транспорт коридорларини шакллантириш ва минтақавий алоқаларни янада кучайтириш имконини яратади.

[gallery-26458]

Ўзбекистоннинг асосий мақсади транзит марказига айланиб, юк ташиш харажатларини қисқартириш, Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишларида кучли логистик “хаб” сифатида фаолият юритишдан иборат. Қўшни мамлакатлар билан узвий интеграция ва улар учун ягона, барқарор транспорт маконини яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик доирасида ҳам инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Инфратузилмага хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича бир нечта келишувлар имзоланган. Шунингдек, Каспий денгизи орқали транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш борасида европалик ҳамкорлардан амалий кўмак олинмоқда. Ушбу йўналишда қўшма корхоналар ва қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Қисқача айтганда, Ўзбекистоннинг стратегик мақсади чекловларсиз, самарали ва яхлит ягона транспорт маконини яратишдир, – деди И.Маҳкамов.

Форумда томонлар ҳамкорлигига ҳам урғу берилди. Унда айтиб ўтилгани каби Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ушбу йўналишни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2024 йилда Ўзбекистоннинг Транскаспий йўлаги орқали юк ташиш ҳажми барқарор ўсишни намойиш этган ҳолда бир миллион тоннадан ошди. Бу 2019 йилдаги кўрсаткичдан беш баробар кўпдир.

Франция транспорт вазири Филипп Табаро қайд этганидек, ушбу соҳа равнақида томонлар ҳамкорлиги жуда муҳим. 

–Шу сабабли, транспорт инфратузилмаси масалалари бўйича тармоққа кирувчи барча мамлакатлар билан фикр алмашиш имкониятидан жуда мамнунман. Биз мамлакатингиз билан темир йўл, шаҳар транспорти, авиация соҳалари бўйича бир қатор келишувларга эришишни мақсад қилганмиз. Бу, айниқса, икки давлат авиация ва аэронавтика компаниялари ўртасида кадрлар тайёрлаш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади. Ушбу ишлар Франциянинг Ўзбекистонга автономия, мустақиллик, логистик ва айрим ҳолларда молиявий кўмак кўрсатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари доирасида амалга оширилади.

Президентларимиз томонидан илгари қабул қилинган мажбуриятларни энди амалий жиҳатдан бажаришимиз зарур. Бундай қадам самимий дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган шерикликни акс эттиради, – деди Филипп Табаро.

Тадбир доирасида транспорт ва логистика бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани уйғунлаштириш, инфратузилмага инвестициялар ва савдо йўлакларини рақамлаштириш юзасидан тематик сессиялар ўтказилди. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА